Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-911-сон, 21.02.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

  • 22.02.2024
  • 1426 марта ўқилди

Қонун билан Фуқаролик кодексига киритилган қўшимчага кўра, жисмоний шахс пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ёки солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмаса, суд томонидан тўловга қобилиятсиз деб топилиши мумкин.

Солиқ кодексига киритилган қўшимчага кўра, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд санацияси ёки ташқи бошқарув жараёнида юзага келадиган барча турдаги жорий солиқ тўловларини тўлаш, суд ажрими асосида жорий этилган суд санацияси ёки ташқи бошқарув тартиб-таомилининг муддатида тўхтатиб турилади. (бундан меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадлар солиғи, шунингдек ижтимоий солиқ мустасно)

Бу ҳолда суд санация қилувчи бошқарувчининг ёки ташқи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлаган ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарган санадан эътиборан мазкур солиқ қарзлари 6 ой ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўланади.

Шунингдек, банкрот деб топилган қарздор юридик ва жисмоний шахсларнинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг мол-мулкини сотишдан тушган маблағларининг қарзни тўлашга йўналтирилган қисми даромад сифатида ҳисобга олинмаслиги белгиланди.

“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, суд бошқарувчиси тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш жараёнида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириши учун даъво аризалар ҳамда бошқа аризалар билан давлат божини тўламасдан судга мурожаат қилиши мумкин бўлди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Chat