“Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-108-сон, 01.03.2024 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан:
- суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта (қайта суғурта) шартномаларини ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказиш ва суғурта полисларини ушбу тизим орқали расмийлаштириш мажбурий ҳисобланади;
- барча суғурта турлари бўйича суғурта полисларини фақат қоғоз шаклда расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади;
- суғурта полисларини ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирмаслик уларни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлади ҳамда суғурталовчи томонидан лицензия талаблари ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳисобланади;
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурталовчилар томонидан кўрсатиладиган суғурта хизматлари сифати бўйича суғурталовчилар рейтингини юритади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.
Қуйидагиларга шартномаларнинг ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминлаш мажбурияти юклатилади:
- Cолиқ қўмитаси ва Транспорт вазирлигига иш берувчининг ва ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини;
- Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини;
- Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига объектларни давлат маблағлари ва ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига барпо этишда қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини.