“Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (204-сон, 16.04.2024 й.) қабул қилинди
Унга кўра, қуйидагилар тасдиқланди:
- 2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графиги;
- 2024 йил 1 майдан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг “базавий меъёрлари”.
2024 йил 1 майгача ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари ошишини ҳисобга олган ҳолда минимал истеъмол харажатлари қиймати қайта кўриб чиқилади.
Қарорга мувофиқ, қуйидаги тоифадаги истеъмолчилар учун юзага келиши мумкин бўлган қўшимча харажатларни қоплаш бўйича вақтинча компенсация жорий этилади:
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилалар, болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар;
- Ягона реестрга киритилмаган, “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида аниқланадиган қўшимча эҳтиёжманд оилалар.
Шунингдек, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга қуйидаги компенсация турлари тақдим этилади:
- ноябрь ойида 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади;
- электр энергияси ва табиий газ бўйича қуйидаги миқдорлардаги истеъмол учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади:
- табиий газ учун – ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 250 куб метргача;
- электр энергияси учун – ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 150 кВт соатгача.