Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

1 августдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

  • 31.07.2024
  • 453 марта ўқилди

1. Айрим объектлар ҳудуднинг эилзилабардошлигидан келиб чиқиб лойиҳаланади ва қурилади

“Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорига кўра, 2024 йил 1августдан хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларни ҳудуднинг зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаш ва қуриш тартиби жорий этилади.

2. Мастер-режа ҳудудларидаги ер участкалари аукционга чиқарилади

“Ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бўш ер участкаларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорига кўра, 2024 йил 1 августдан жойлардаги ҳокимликлар жорий йил якунига қадар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги билан биргаликда мастер-режаларга мувофиқ замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва сервис объектларини, жумладан жойлаштириш воситалари, турар жойлар, савдо-кўнгилочар марказларини ташкил қилиш учун мастер-режа ҳудудидаги ер участкаларини аукцион савдоларига чиқарилади.

3. Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институтига бир неча ҳуқуқлар берилади

“Рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорига кўра, 2024 йил 1 августдан Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институтига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • рақамли криминалистика бўйича суд экспертизалари ва тадқиқотларни ўтказиш;
  • жиноятларнинг рақамли изларини аниқлаш, олиб қўйиш, сақлаш ва тадқиқ қилиш ҳамда ўрганилган маълумотлар бўйича хулосалар тайёрлаш;
  • рақамли криминалистика соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларни замонавий рақамли криминалистика экспертиза турлари бўйича масофавий ва анъанавий тарзда ўқитиш;
  • рақамли криминалистика фаолиятини амалга ошириш ҳамда махсус криминалистика лабораториялари ишини самарали ташкил этиш учун шартнома асосида малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
  • илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари доирасида ҳамда техник восита ва бутловчи эҳтиёт қисм сифатида фойдаланиш учун Ички ишлар вазирлигида юритиладиган рақамли ахборот ташувчи қурилмалар (мобил телефон, смартфон, планшет, компьютер техникаси, видеорегистратор, қаттиқ диск, флеш хотира ва ташқи жамлагичлар) коллекциясидан фойдаланиш;
  • илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш учун зарур бўлган статистик ва бошқа ахборотни вазирликлар ва идоралардан бепул асосда сўраб олиш.

4. Тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади

“Тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорига кўра,2024 йил 1 августдан:

  • тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндилари тўлиқ ҳажмда Лойиҳа компаниясига топширилади;
  • лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси белгиланган тартибда тасдиқланган тарифларда тиббиёт муассасалари томонидан сотиб олиниши таъминланади.  

Бунда иссиқлик энергияси бошқа шахсларга ҳам белгиланган тартибда етказиб берилиши мумкин.

5. Айрим кредитлар бўйича кластер таъсисчиларнинг шахсий кафиллиги расмийлаштирилади

“Пахтачилик соҳаси корхоналарининг иқтисодий-молиявий ҳолатини яхшилашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, 2024 йил 1 августдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича кластерлар таъсисчиларининг шахсий кафиллиги қўшимча равишда расмийлаштирилади.

6. Туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи ОТМларда амалиёт базалари ташкил этилади

“Туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорига кўра, 2024 йил 1 августдан туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган амалиёт базаларини (туроператор, турагент, гид-таржимон, меҳмонхона ва туризм транспорти хизматларини кўрсатиш объектлари) белгиланган тартибда ташкил этишга рухсат берилади.

Chat