Фармонга кўра, 2024 йил 1 октябрдан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг соддалаштирилган ва кенгайтирилган тартиби жорий қилинади.
Бунда:
соддалаштирилган тартибда лойиҳа ишлаб чиқилишидан олдин қуйидаги тартибга солиш воситалари баҳоланади ва баҳолаш натижалари юзасидан Адлия вазирлигининг дастлабки хулосаси олинади:
- жисмоний ва юридик шахсларга мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловларни белгилаш, уларни ўзгартириш ёхуд талабларга риоя қилишни ёки уларни бажаришни таъминлаш билан боғлиқ таъсир чораларини қўллаш;
- тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган имтиёз, преференция ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турларини жорий қилиш, уларнинг таъсир доирасини кенгайтириш ёки қисқартириш;
кенгайтирилган тартибда қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари баҳоланади:
- соддалаштирилган баҳолаш натижалари бўйича иқтисодий, ижтимоий ва атроф-муҳитга таъсири даражаси юқори деб топилган лойиҳалар;
- Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари ҳамда баҳолаш соҳасидаги ваколатли органлар, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор томонларнинг таклифига кўра кенгайтирилган баҳолашдан ўтказилиши лозим деб топилган лойиҳалар.