Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Мадад” ННТ томонидан жойларда аҳолининг ҳуқуқий муаммолари бўйича уларга беғараз юридик ёрдам кўрсатилмоқда

  • 30.09.2024
  • 91 марта ўқилди

Жорий йилнинг 26-27 сентябрь кунлари “Мадад” ННТ томонидан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш ва уларнинг одил судловдан фойдаланишига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида Жиззах вилоятининг Дўстлик ва Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманларида кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.

Учрашувда “Мадад” ННТ ижрочи директори Т.Турсунов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.05.2024 йилдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги ПФ-80-сон Фармонида туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши, шунингдек, низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашиш белгилаб қўйилганлигини таъкидлаб, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда фаол иштирок этиш билан биргаликда, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. 

Жумладан, учрашув давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул даволаниш ҳамда дори-дармон олиш, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритиш тартиби, имтиёзли таълим кредитлари олиш, меросни бўлиш, алимент миқдордари, оилавий низолар ва бошқа ҳуқуқий масалалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, учрашувлар якунида иштирок этган қатор фуқароларнинг сўровларига кўра, мавжуд низолар юзасидан суд ва бошқа давлат органларига тақдим қилишлари учун зарур бўлган ариза, шикоят ва даъво ариза каби процессуал ҳужжатлар лойиҳалари уларнинг номидан бевосита тайёрлаб бериш орқали амалий ёрдам кўрсатилди.

Chat