“Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида” ги Президент Фармони (ПФ-77-сон, 05.05.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб қайта ташкил этилди .
“Эл-юрт умиди” жамғармасининг асосий вазифалари қуйидагилар белгиланди:
- профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган кадрларга бўлган талабни ўрганиб бориш;
- номзодларни вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари эҳтиёжларига мос ҳолда профессионал йўналтириш;
- стипендиатларнинг Ўзбекистонга қайтгандан сўнг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт шароитлар яратиш ҳамда уларни қўллаб қувватлаш бўйича таклифлар киритиш;
- мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада ошириш учун стипендиатлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари орасидан мақсадли стажировкага юбориладиган номзодлар рўйхати шакллантирилади;
- стажировка ташкил этиладиган хорижий ташкилотлар ва стажировка муддати буюртмачилар, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан белгиланади;
- мақсадли стажировкага юбориладиган мутахассисларнинг стажировка ўташда зарур бўладиган хорижий тилни ўрганиши учун вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари томонидан тегишли шароитлар яратиб берилади.