Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Айрим оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратилади

  • 15.08.2025
  • 49 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (515-сон, 14.08.2025 й.) билан “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим тоифадаги оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. 

Низом Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда яшовчи Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга қуйидаги харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартибини белгилайди:

  • турар жойида артезиан қудуғи қазиш;
  • сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ҳамда ўрнатиш.

Субсидия мазкур харажатларнинг 90 фоизи, бироқ БҲМнинг 30 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун ажратилади. 

Ушбу хизматлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимининг Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга кўмаклашувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилган тадбиркорлар томонидан амалга оширилади. 

Субсидия олувчиларнинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки қонуний вакили “Инсон” марказларига борган ҳолда ёки маҳалладаги ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш орқали “ЯМИҲ” АТда рўйхатдан ўтиши мумкин. 

Бунда “Инсон” маркази ходими ёки ижтимоий ходим субсидия олувчиларнинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки унинг қонуний вакили номидан “ЯМИҲ” АТда рўйхатдан ўтиш бўйича сўров юборади.

Тадбиркор белгиланган муддатда субсидия олувчиларнинг турар жойига етиб бориши ҳамда артезиан қудуғини қазиши, сув насоси ва ичимлик сув фильтрини ўрнатиши лозим.

Ишчи гуруҳ томонидан субсидия ажратиш маъқуллангани ёки рад этилгани тўғрисидаги хабар “ЯМИҲ” АТга автоматик равишда юборилади.
 

Chat