Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартиби белгиланди

  • 03.09.2025
  • 70 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (541-сон, 27.08.2025 й.) билан “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. 

Низомга кўра, Академияда қуйидаги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланади: 

▪️ “Ҳудудларни комплекс ривожлантириш”;
▪️ “Давлат бошқаруви”; 
▪️ “Инсон ресурсларини ривожлантириш”;
▪️ “Давлат сиёсати”;
▪️ “Давлат молиясини бошқариш”.

Академия магистратурасига қабул давлат буюртмаси бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Академияга давлат буюртмаси бўйича қабулни ташкил этиш учун номзодларни бирламчи саралаб олиш бўйича идоравий комиссия тузилади.

Номзод Идоравий комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

➖ охирги 2 йиллик фаолияти давомида амалга оширган ижобий ишлари ҳақидаги маълумот;

➖ маълумотнома-объективка;

➖ номзоднинг қўшимча эришган ютуқлари: илмий даражаси, илмий унвони, хорижий тилларни билиш сертификати кабилар.

Магистратурада ўқишга тавсия этилган номзодлар умумий сонининг, қоида тариқасида, камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Академияда магистратура мутахассисликларига давлат буюртмаси бўйича танлов 2 босқичда, тест синови ва суҳбат шаклида ўтказилади.

Қабул комиссияси қарори билан давлат буюртмаси бўйича давлат гранти асосида ўқишга тавсия этилган номзодларни Академия тингловчилигига қабул қилиш ректорнинг буйруғи билан амалга оширилади.

Chat