Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Суд-экспертлик фаолияти рақамлаштирилади

  • 09.09.2025
  • 56 марта ўқилди

“Cуд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-270-сон, 08.09.2025 й.) қабул қилинди.

Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

♦ суд-экспертлик фаолиятини рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали тадқиқотларнинг тезкорлиги, холислиги ва тўлиқлигини таъминлаш;

♦ суд-экспертиза ташкилотлари ва экспертиза тайинловчи органларнинг ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали соҳада электрон ҳужжатлар алмашинуви ҳажмини 100 фоизга етказиш.

Қарорга кўра, судлар, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати органлар билан электрон ҳужжатлар алмашинувини таъминловчи “E-ekspertiza” ахборот тизими суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига тўлиқ жорий этилади.

“E-ekspertiza” платформаси ва экспертиза тайинловчи органларнинг ахборот тизимлари ўртасида электрон ахборот алмашинуви қуйидаги босқичларда йўлга қўйилади:

♦ 2026 йил 1 январдан республика даражасидаги экспертиза тайинловчи органларда;

♦ 2026 йил 1 июндан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасидаги экспертиза тайинловчи органларда;

♦ 2026 йил 1 сентябрдан туман (шаҳар) даражасидаги экспертиза тайинловчи органларда.

Chat