Фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (Ягона портал) жисмоний шахсларнинг белгиланган шахсга доир маълумотлари уларнинг шахсий кабинети орқали реал вақт режимида тақдим этилади. Бунда:
▪️ жисмоний шахснинг Ягона порталдаги шахсга доир маълумотлари уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади;
▪️ ушбу маълумотлар Ягона порталнинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда кўрсатилганда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур маълумотларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади.
Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан:
▪️ давлат хизматлари марказларига келиб мурожаат қилинганда пенсионер, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи билан келган фуқарога давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёз берилади;
▪️ жисмоний шахсларни ягона идентификация тизимидан (OneID) рўйхатдан ўтказишда муқобил тарзда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) тартиби йўлга қўйилади;
▪️ давлат хизматлари марказларига Ягона портал орқали жорий этилган барча давлат хизматлари бўйича аҳоли ва тадбиркорларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади.