Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Германия Федератив Республикаси Конрад-Аденауэр-Стифтунг (КАС) сиёсий фондининг Марказий Осиё минтақаси дастури бўйича расмий вакили Ронни Хайне “Мадад” ННТга ташриф буюрди

  • 20.01.2022
  • 615 марта ўқилди

Маълумот учун: Конрад Аденауэр фонди 1955 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг Германияда 16 та минтақавий бўлинмалари фаолият кўрсатади. Фонднинг хориждаги ваколатхоналари ҳозирда 120 дан ортиқ мамлакатларда икки юздан ортиқ турли лойиҳаларни, шу жумладан, демократияни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий бозор иқтисодиёти, нодавлат иштирокчилар (фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар) билан мулоқотларни ривожлантириш ҳамда сиёсий хабардорликни юксалтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Фонд Ўзбекистонда 1994 йилдан буён фаолият олиб боради.

Фонд мамлакатимизда сиёсий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролик таълими дастурлари ҳамда иқтисодиёт ва жамиятнинг фаол тармоқларини ривожлантириш каби масалалар бўйича давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.

Фонднинг расмий вакили Ронни Хайне ва “Мадад” ННТ ижрочи директори Тулкин Турсунов билан ўтказилган учрашувда, ҳар иккала томонлар учун манфаатли бўлган мавзулар юзасидан  музокаралар олиб борилди ва ҳамкорликнинг келгусидаги йўналишлари муҳокама қилинди.

Фонд билан ҳамкорликда:

  • “Мадад” ННТ ва ҳудудий бюролар ходимларининг малакаси ва кўникмасини ошириш мақсадида Германиялик эксперт ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда семинар-тренинг ва бошқа ўқув машғулотларини ўтказиш ҳамда бундай тадбирларга аҳоли ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини таклиф қилиш;
  • фуқароларга қонунчиликдаги янгиликлар бўйича маълумот ва ахборотларни етказиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини оширишга қаратилган босма материаллар (брошюралар, флайерлар, қисқа қўлланмалар)ни тайёрлаш, чоп этиш ва аҳолига бепул тарқатиш;
  • хорижий давлатларнинг жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ва аҳолининг барча қатламларига бепул юридик ёрдам кўрсатишга доир ижобий тажрибасини ўрганиш мақсадида чет элларга хизмат сафарларини ташкил этиш.

Учрашув якунида томонлар ўртасида ҳамкорликнинг келгусидаги истиқболли йўналишлари, мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаб олиш мақсадида, ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум лойиҳасини тайёрлаш ва имзолашга келишиб олинди.

Chat