Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида ислоҳотлар жадаллаштирилади ва тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарига имтиёзлар берилади

  • 23.09.2025
  • 31 марта ўқилди

“Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида ислоҳотларни жадаллаштириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–290-сон, 19.09.2025 й.) қабул қилинди. 

Қарорга кўра, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида 2026 йил учун асосий мақсадли кўрсаткичлар этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

⇒ ишлаб чиқариш ҳажми 9 фоизга ўсишини таъминлаш ва 146 трлн сўмга етказиш;

⇒ экспортни 3,3 млрд АҚШ долларига етказиш.

Қарорга кўра, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали 2022–2023 йиллар пахта ҳосилига ажратилган кредитлардан қарздорлиги мавжуд бўлган пахта-тўқимачилик кластерлари бўйича гаров таъминотини мол-мулк билан тўлиқ таъминлаган кластерларга:

2025 йил 1 августдан фақат асосий қарзни тўлашга ҳамда асосий қарз тугагандан кейинги 12 ойда тенг улушларда фоиз тўлашга рухсат этилади;

⇒ тўлов графиги бўйича ҳам асосий қарз, ҳам фоизини ўз вақтида тўлаган кластерларга ушбу кредитлар бўйича Жамғармага жорий йил 1 августдан кейин ундирилган фоиз суммасининг 50 фоизи қайтариб берилади;

2025 йил 1 август ҳолатига тўланмаган фоизларга ҳисобланган пеня суммалари ҳисобдан чиқарилади.

Қарорга кўра, 2025 йил пахта ҳосилини нобуд қилмасдан, ўз вақтида териб олишни таъминлаш мақсадида фермер хўжаликларига улар томонидан қайта ишловчи корхоналарга, шу жумладан, кластерларга биржа савдолари орқали сотилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 1 млн сўмдан субсидия ажратилади. 

Кластерлар ва тармоқ корхоналари ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг 10 фоизи қоплаб берилади.

2025 йил 1 сентябрдан 3 йил муддатга:

⇒ кластерлар, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарига ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади;

⇒ белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган аралаш мато ва газлама маҳсулотлари, чарм ва ипак саноати учун зарур хомашёлар божхона божидан озод этилади.

Меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимлари сони 200 дан ортиқ бўлган пахта-тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари томонидан ташкил этилган мактабгача таълим ташкилотларига оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган шартларда Давлат бюджетидан субсидия ажратилади.

Chat