Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ҳайдовчилик гувоҳномасини энди онлайн тиклаш мумкин

  • 23.09.2025
  • 44 марта ўқилди

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини my.gov.uz портали орқали онлайн тиклаш мумкин бўлди. Энди йўқотилган гувоҳномани тиклаш учун ЙПХ биносига бориш шарт эмас. Хизмат нархи — 370 800 сўм. Ҳужжат 1 иш кунида расмийлаштирилади.

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) орқали тиклаш мумкин бўлди. Бу ҳақда портал ахборот хизмати хабар қилди. Эндиликда йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномасини қайта тиклаш учун ЙПХ биносига бориш талаб этилмайди.

Бунинг учун my.gov.uz портали орқали «Ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш» хизматига кириб, «Йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш» бўлимини танлаб, ариза топшириш лозим.

Фото: ЯИДХП

Хизмат нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,9 баравари ёки 370 800 сўмни ташкил этади. Қўшимча 25 000 сўм тўлов эвазига гувоҳномани почта орқали етказиб бериш хизматидан фойдаланиш мумкин.

Хизмат кўрсатиш муддати — 1 иш куни. Почта орқали етказиб бериш билан бирга жами 3 иш куни ичида янги гувоҳнома фуқарога етказилади.

Айрим ҳолларда ариза рад этилиши мумкин, жумладан:

  • ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақидаги маълумотлар тизимда тасдиқланмаса;
  • аризачи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган бўлса;
  • аризачига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131- (Транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш) ва 136-модда (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши)лари бўйича маъмурий иш қўзғатилган бўлса.

 

Chat