“Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–207-сон, 03.11.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига қарши жиноятлар” номли алоҳида янги бўлим киритилади.
Шунингдек, қуйидаги қилмишлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилашни назарда тутувчи жиноий жавобгарлик жорий этилади:
♦ наркожиноий уюшма ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини уюшган гуруҳ томонидан трансчегаравий усулларда ёки интернет тармоғидан фойдаланиб ўтказиш;
♦ гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний муомалага киритишга ҳокимият (мансаб) ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик (раҳнамолик) қилиш ёки бундай жиноятлар фош бўлишининг олдини олиш мақсадида хабар бериш;
♦ ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш.
Бундан ташқари, Фармонда гиёҳвандлик воситаларини жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллашни назарда тутувчи маъмурий жавобгарликни киритиш белгиланди.
Шулар билан бирга ушбу фармонга кўра, наркожиноятлар содир этилиши ва қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги қилмишлар учун жиноий жавобгарлик 2 бараваргача оғирлаштирилади, жумладан:
♦ гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп миқдорда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек, уларни ноқонуний равишда кўп миқдорда ҳар қандай усулда ўтказиш;
♦ алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласини кўп миқдорда ва такроран содир этиш;
♦ гиёҳвандлик воситаларини ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлганда.
Шунингдек, вояга етмаган ва ёшларни наркожиноятлардан ҳимоя қилиш мақсадида қуйидагилар белгиланди:
► ҳар қандай наркожиноятни вояга етмаган шахсларга нисбатан ёки уларни жалб қилган ҳолда содир этишни жиноий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолати сифатида қайд этиш;
► таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки таълим ташкилотларига туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказганлик учун жиноий жавобгарликни 2 бараваргача оғирлаштириш.
Бундан ташқари, айрим наркожиноятларни содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилмаслик тартиби жорий этилади.