Бугун ташкилотимиз томонидан “Болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тўлаш тартиби”ни кенг жамоатчиликка тушунтиришга қаратилган ҳуқуқий акциянинг биринчи куни бўлиб ўтди.
Акция “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда махалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Тадбир давомида аҳолига болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби, ариза бериш жараёни, керакли ҳужжатлар рўйхати ва мурожаат этиш манзиллари ҳақида амалий маълумотлар берилмоқда.
Шунингдек, мутахассислар томонидан фуқароларнинг саволларига жавоблар берилиб, амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Акция давомида фуқароларга қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ва давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам чоралари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилади.

Акциянинг кейинги кунларида ҳам турли туман ва маҳаллаларда тушунтириш тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.