“Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–210-сон, 11.11.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи-элчи – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими киритилди.
Маслаҳатчи-элчи зиммасига Ўзбекистон ва АҚШда йирик ва стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича тўғридан-тўғри ташаббус кўрсатиш ва муҳокама қилиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, Фармонда 1 ой муддатда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан АҚШ ҳудудида қўшимча консулликлар очиш масаласи ишлаб чиқилиши белгиланди.
Бунда ватандошлар йирик диаспоралари энг кўп тўпланган ҳудудларни (Филадельфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарлари) ҳисобга олиш кўзда тутилди.
Маълумот учун: Президентнинг 2025 йил 4–6 ноябрь кунлари АҚШга ташрифи давомида “С5+1” саммити доирасида Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш бўйича келишувга эришилган.