Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Экология вазирлиги ҳукумат таркибидан чиқарилиб, қўмитага айлантирилади

  • 19.11.2025
  • 210 марта ўқилди

Президент администрациясида 2 та штат бирлигидан иборат президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси ташкил этилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг тегишли фармони қабул қилинди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил қилинади.

Экология қўмитаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, ўрмонларни кўпайтириш, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ваколатли орган ҳисобланади.

Президент администрацияси ташкилий тузилмасида 2 та штат бирлигидан иборат президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси ташкил этилади.

Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятини Экология қўмитаси ҳузурида давом эттиради.

Экология вазирлигининг асосий вазифаларидан ташқари, Экология қўмитаси бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади. Жумладан:

  • чиқиндиларни қайта ишлаш ва улар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган “Чиқиндидан ҳоли ҳудуд”;

  • атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво”;

  • 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил қилишга қаратилган “Яшил макон”;

  • аҳоли орасида эко-одатларни шакллантириш ва экологик ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган «Эко-маданият»;

  • биохилма-хилликни келажак авлод учун асрашга қаратилган “Био мерос” умуммиллий лойиҳалари.

Экология қўмитаси ҳузурида 15 нафаргача хорижий ва маҳаллий экспертларни фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилган ҳолда экология соҳасидаги “Эколойиҳалар фабрикаси” ташкил этилади.

2026 йил 1 апрелдан экология соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш тартиби жорий этилади. Бунда молиявий санкциялар пул ундириш (жарималар) тарзида фақат юридик шахсларга қўлланади.

Бир хил ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар қўлланган юридик шахсларнинг ходимларига маъмурий жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Экология қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) ташкил этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокуратураларига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида ажратилган 40 та штат бирлиги Экополицияга ўтказилади.

Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади. Экополиция бошлиғининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида қўмита раиси ўринбосари ҳисобланади ва тезкор штабга раҳбарлик қилади.

Қўмита президентга йирик корхона ва тармоқлар томонидан экология соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар, улар ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан кўрилган чоралар бўйича ахборот киритиб боради.

Chat