Фармонга кўра, қуйидагилар уй-жой соҳасини барқарор ва мувозанатли ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди, жумладан:
► “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш ишларини изчил давом эттирган ҳолда уй-жой фондида замонавий уй-жойлар улушини 2040 йилга қадар 50 фоизга етказиш;
► уй-жой қурилиши соҳасини “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили асосида комплекс ислоҳ қилиш ва уни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш.
Фармонга кўра, қуриб битказилмаган уй-жойларни биринчи навбатда қурилишга жалб этиш, шунингдек, экологик тоза маҳсулотлардан фойдаланиб уй-жой инфратузилмасини олдиндан барпо этишни назарда тутадиган комплекс қурилиш тамойили асосида уй-жойлар қурилишини ташкил этиш тартиби жорий этилади.
Комплекс қурилиш тамойили доирасида қуйидагилар таъминланади, жумладан:
► комплекс қурилиш дастурларини фақат очиқ ва батафсил ишлаб чиқилган режалар асосида тайёрлаш;
► лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудларнинг келгусидаги ижтимоий эҳтиёжларини инобатга олувчи комплекс ёндашувдан фойдаланиш.
♦ Миллий қўмита урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органидир.
Қуйидагилар Миллий қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
♦ урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш;
♦ самарали ва барқарор уй-жой сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
♦ реновация дастурларини самарали амалга оширишни таъминлаш;
♦ “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ишларини мувофиқлаштириш, шу жумладан, ҳудудларни танлашда қонунчилик билан белгиланган мезонлар ва урбанизация тамойилларига риоя этилишини таъминлаш.
Қуйидагилар мазкур қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланди, жумладан:
♦ урбанизация ва уй-жой соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш;
♦ Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш.
Қарорга кўра, қуйидаги масалаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Миллий қўмита билан мажбурий келишилиши шарт:
▪️ уй-жойлар қурилишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари;
▪️ Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар марказлари ва бошқа агломерацияларда уй-жой ҳамда нотурар жой мажмуаларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш;
▪️ “Янги Ўзбекистон” массивларида ва бошқа массивларда кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича йиллик мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаш;
▪️ комплекс қурилиш лойиҳалари амалга ошириладиган ва “Янги Ўзбекистон” массивлари қуриладиган ҳудудларни белгилаш.