Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири солиққа тортиш ёки текширув учун ўтказилмаяпти — Статистика қўмитаси

  • 19.01.2026
  • 77 марта ўқилди
Ўзбекистонда ўтказилаётган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири юзасидан фуқароларда саволлар туғилмоқда. Бу ҳақда Статистика қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, баъзи одамлар уй-жойи ёки чорваси ҳақида берган маълумотлари ортиқча солиққа тортишга сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Қўмита асло бундай ҳолат юзага келмаслигини, барча маълумотларни махфий сақлаш кафолатланишини маълум қилди. 

“Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида берилган барча маълумотлар қонунга асосан махфий сақланади ҳамда солиққа тортиш ёки текширув ўтказиш учун ишлатилмайди. Саволномада кўрсатилган жавоблар бошқа идораларга тақдим этилмайди. Рўйхатга олишда тўпланган маълумотлар фақат умумий статистик таҳлил учун хизмат қилади. Яъни, қанча ер бор, қанча чорва мавжуд — булар алоҳида шахс ёки хонадон кесимида эмас, умумлашган ҳолда эълон қилинади. Шу боис, саволномани хавотирсиз ва тўлиқ тўлдиришингиз мумкин”, дейилади қўмита баёнотида.

Тушунтирилишича, рўйхатга олишнинг мақсади — мамлакатда аҳоли сони, турмуш шароити, қишлоқ хўжалиги ҳолати, яъни қайси ҳудудда қанча маҳсулот етиштирилади ва бу аҳоли эҳтиёжини қоплайдими, деган саволларга аниқ жавоб олишдир. Шу асосда давлат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳоли учун зарур ижтимоий хизматларни тўғри режалаштириш имкониятига эга бўлиши билдирилган.

Ўзбекистонда 15 январдан 31 январгача аҳоли ва қишлоқ хўжалиги онлайн шаклда рўйхатга олинади. Жараёнда фуқаролар census.stat.uz сайтига кириб, 71 та саволга жавоб бериши мумкин. Февраль ойида эса уйма-уй юриш орқали рўйхатга олиш ишлари давом эттирилади.

​Маълумот учун, 17 январь соат 12:00 ҳолатига кўра, census.stat.uz портали орқали республикадаги жами хонадонларнинг 19,4 фоизи онлайн рўйхатдан ўтган.

Chat