Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

«Ақлли» миграция шохобчаларида қандай хизматлар мавжуд бўлади?

  • 22.01.2026
  • 110 марта ўқилди

Тўртта туманда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имконини берувчи «ақлли» миграция шохобчалари ишга туширилади. Уларда ID карта расмийлаштириш, яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш ва «загран» паспорт учун ариза топшириш кабилар мумкин бўлади. Келаси йилдан бошлаб улар туристик зоналарда ҳам бўлиши мумкин.


1 майдан бошлаб Ўзбекистоннинг тўртта ҳудудидаги Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида тажриба тариқасида сунъий интеллект технологиялари асосида ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган «ақлли» миграция шохобчалари (Smart migration station) ишга туширилади. Бу президентнинг 19 январдаги қарорида кўзда тутилган (бу ҳақда Gazeta кеча хабар берганди).

Бундай шохобчалар эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 1 тадан туман (шаҳар) миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида бўлиши керак. Тажриба якунларига кўра, келгуси йилда уларни бошқа ҳудудларда, шунингдек, савдо-кўнгилочар марказлари ва туристик зоналарда ҳам очиш режалаштирилган.

Lex.uz сайтида чиққан ҳужжатга кўра, «ақлли» миграция шохобчаларида дастлаб қуйидаги давлат хизматлари мавжуд бўлади:

Шохобчада расмийлаштириладиган хизматлар

  • Ўзбекистон фуқаросига идентификацияловчи ID картасини расмийлаштириш ва алмаштириш;
  • мулкдорни ўз уйига яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш;
  • мулкдор томонидан фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан чиқариш;
  • ўзининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганликни ўзи бекор қилиш;
  • Ўзбекистон фуқароларини турган жойи бўйича рўйхатга олиш;
  • яшаш жойи бўйича маълумотнома бериш;
  • яшаш жойида рўйхатдан ўтиб яшовчилар тўғрисида маълумотнома бериш;
  • судланганлик ҳақида маълумотнома бериш.

Ариза юбориш

  • хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун;
  • фуқаролиги бўлмаган шахснинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш учун;
  • чет эл фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек, хорижда яшовчи ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилиш учун;
  • чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойида бўйича рўйхатга олиш учун;
  • Ўзбекистон фуқаролигига мансуб эмаслик тўғрисида;
  • чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг виза муддатларини узайтириш учун.

Ички ишлар вазирлигига кейинчалик ўз-ўзига хизмат кўрсатиш хизматлари турларини кенгайтириш бўйича кўрсатма берилди.

Chat