Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда электр энергияси ва газ тарифлари ошиши кутилмоқда

  • 22.04.2026
  • 23 марта ўқилди

Ўзбекистонда аҳоли учун электр энергияси ва газ тарифларини навбатдаги марта ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Тарифларни ҳар йили 1 майдан бошлаб инфляцияни ҳисобга олган ҳолда, бироқ 10 фоиздан оширмасдан кўтариш режалаштирилган эди (март ойида йиллик инфляция кўрсаткичи 7,1 фоизгача секинлашган).


Ўзбекистонда аҳоли учун энергия ресурслари тарифларини навбатдаги марта қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинмоқда, деб хабар берди Gazeta’нинг энергетика соҳасидаги манбаси. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ҳам хабарлар пайдо бўлди.

Ўтган йилги ҳукумат қарори билан 2026 йилдан эътиборан энергия ресурслари нархларини ҳар йили 1 майдан инфляцияни ҳисобга олган ҳолда, бироқ 10 фоиздан оширмасдан ошириб бориш механизми белгиланган эди (ҳолбуки, 2024-йилги қарорда 2026 йилдан бошлаб тарифлар камида уч йил муддатга қатъий белгиланиши кўзда тутилганди).

Ҳукуматнинг иқтисодий блоки ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тайёрланган газ ва электр энергияси нархини ошириш таклифи ҳозирда кўриб чиқилмоқда, деди манба. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат лойиҳасида электр энергияси ва табиий газ тарифларини 9−10 фоиздан ошириш таклиф этилмоқда. Фоиз бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.

Агар таклиф маъқулланса, янги нархлар ҳужжат имзоланганидан 15 кун ўтиб кучга кириши мумкин.

Gazeta Энергетика вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига сўровлар юборди.

Бунда, март ойи якунларига кўра йиллик инфляция даражаси 7,1%гача секинлашди.

Январь ойида Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов энергия ресурслари тақчиллиги ва газ таъминотидаги чекловлар фонида Марказий банк ҳукумат билан биргаликда бир қатор таклифлар тайёрлаганини маълум қилганди. Муҳокама қилинаётган чоралар қаторида энергия ресурслари таклифини кўпайтириш ҳамда тарифлар ва давлат томонидан тартибга солинадиган нархларни оширишга ёндашувларни ўзгартириш бор.

2024 йилнинг 1 майидан Ўзбекистонда сўнгги беш йилда илк бор — 2019 йил августидан буён — электр энергияси ва газ нархлари оширилди ҳамда ижтимоий истеъмол нормалари жорий этилди. Аҳоли учун электр энергиясининг базавий тарифи ижтимоий норма доирасида 1 кВт/соат учун 295 сўмдан 450 сўмга (+52,5%), табиий газ нархи эса 1 кубометр учун 380 сўмдан 650 сўмга (+71%) кўтарилди. Истеъмол ҳажми ортиши билан тарифлар ҳам сезиларли даражада ошиб борди.

Chat