Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Чек можароси: Бир одам қайта-қайта шикоят йўллашига чеклов қўйилмоқда

  • 31.05.2022
  • 541 марта ўқилди

2022 йилдан бошлаб харид чекини бермаганлик ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга мукофот пули бериш ва харид суммасидан бир фоиз кешбек харидорга қайтарилиши тизими йўлга қўйилганди. Бунинг ортида харидор ва тадбиркорлар ўртасида кўплаб нохуш воқеалар рўй бера бошлади. Давлат солиқ қўмитаси бу можаролар ортидан бир қатор янгиликларни эълон қилди.

ДСҚга кўра, жорий йил 1 июндан бошлаб қуйидагича янги қоидалар киритилади.

  • Биринчидан, “Солиқ” мобил иловаси орқали мулкчилик шаклидан қатъи назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда, профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун талабларида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилади. Унга нисбатан таъсирчан молиявий жазо чоралари кўрилмайди.

Мазкур огоҳлантиришдан кейин ҳам хулоса қилинмасдан, қонун бузилишлари давом эттирилиб, ушбу тадбиркорлик субъекти бўйича иккинчи маротаба мурожаат келиб тушса, белгиланган тартибда ўрганиш ўтказилади ва натижаси бўйича солиқ текшируви ташкил этилади.

  • Иккинчидан, мурожаат бўйича сайёр солиқ текшируви ўтказилаётган ёки ўтказилган текширув натижаси бўйича қарор қабул қилиш жараёнида ушбу субъект бўйича такрорий тушган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
  • Учинчидан, бир фуқаро томонидан 24 соат ичида 2 тадан ортиқ ҳамда 30 календар куни давомида 1 та шохобча бўйича 1 мартадан кўп мурожаат юборилишига чеклов ўрнатилади.
  • Тўртинчидан, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлари, мукофот тўланмайдиган мурожаатлар сифатида қайд қилинади.

Давлат солиқ қўмитаси ушбу ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда, чек талаб қилиб, яширин иқтисодиётга қарши курашишда фаол иштирок этаётган фуқароларни рағбатлантиришни ва ноқонуний ишлаш йўлини танлаган айрим субектларга нисбатан таъсирчан назорат тадбирлари изчил давом эттиришини маълум қилган.

Chat