Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тошкентда мактаб автобусларини йўлга қўйиш масаласи ўрганилмоқда

  • 08.09.2026
  • 60 марта ўқилди

Пойтахтда ўқувчиларнинг мактабга қандай қатнаши ва махсус мактаб автобусларига реал эҳтиёж бор-йўқлигини аниқлаш бошланди. Ота-оналардан олинган маълумотлар асосида бундай транспорт тизимини жорий этиш имконияти баҳоланади.


Тошкент шаҳри Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази пойтахтда мактаб автобусларини йўлга қўйиш имкониятини ўрганиш мақсадида ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказмоқда. Ҳозирча гап тизимни жорий этиш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида эмас, балки унга бўлган эҳтиёжни аниқлаш ҳақида кетмоқда.

Сўровда фарзанднинг яшаш ҳудуди, қайси мактаб ва синфда ўқиши, уйдан мактабга чиқиш вақти, ҳозирда фойдаланаётган транспорт тури ҳамда мактаб автобусига эҳтиёж бор-йўқлиги ҳақида маълумот киритиш сўралади.

Агар оилада мактаб ёшидаги бир нечта фарзанд бўлса, ҳар бир бола бўйича маълумот алоҳида тақдим этилади. Марказнинг билдиришича, сўров давомида шахсий маълумотлар йиғилмайди ва жавоблар фақат умумлаштирилган таҳлил учун ишлатилади.

Сўров натижалари ўқувчиларнинг асосий қатнов йўналишларини аниқлаш, мактаб автобусларига реал талабни баҳолаш ва зарурат бўлса, уларни йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқишга хизмат қилади.

Пойтахтда мактаб автобусларини ташкил этиш масаласи аввал ҳам кўтарилган. 2025 йил августда шаҳар Кенгашида бу ташаббус муҳокама қилинганда, ЙҲХХ вакиллари лойиҳани амалга оширишдаги асосий муаммолардан бири сифатида ўқувчиларнинг фақат яшаш жойига яқин мактабларга қатнамаслигини кўрсатган эди. Айрим болалар пойтахтнинг бошқа туманларидан, ҳатто Тошкент вилоятидан келиб ўқийди.

Бу эса барча болалар учун қулай ягона маршрутларни шакллантиришни мураккаблаштиради. Шу сабабли янги сўров орқали, аввало, ўқувчиларнинг уй ва мактаб ўртасидаги ҳақиқий ҳаракат йўналишларини аниқлаш кўзда тутилмоқда.

Ҳозирги босқичда Тошкентда мактаб автобуслари жорий этилиши аниқ белгиланмаган. Якуний масала ота-оналарнинг эҳтиёжи ва сўров натижалари таҳлил қилинганидан кейин кўриб чиқилади.

Маълумот учун, 2024 йилда Қашқадарё ва Сурхондарёнинг айрим олис ҳудудларида ўқувчиларни мактабга бепул ташиш бўйича мактаб автобуслари тажриба тариқасида йўлга қўйилган эди.

Chat