Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тошкентда уй-жойларнинг янги баҳолаш қиймати ошди: бу ҳозирча солиқ миқдорига таъсир қилмайди

  • 08.09.2026
  • 67 марта ўқилди

Тошкентда айрим кўчмас мулк объектларининг оммавий баҳолаш натижасидаги қиймати аввалги кўрсаткичдан бир неча баравар юқори чиққан. Бироқ бу ҳозирча мол-мулк солиғининг худди шунча ошишини англатмайди — амалдаги солиқ базаси кадастр қиймати бўлиб қолмоқда.


Тошкентдаги кўчмас мулк объектларини оммавий баҳолаш натижалари my.gov.uz орқали мулкдорларга тақдим этилмоқда. Айрим фуқаролар янги ҳисобланган қиймат аввалги қийматдан 7–15 бараваргача юқори эканини маълум қилган.

Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази бу ҳолат солиқларнинг ҳам автоматик равишда шунча миқдорда ошишига олиб келмаслигини тушунтирди.

Ҳозирги қонунчилик бўйича турар жой учун мол-мулк солиғини ҳисоблашда солиқ базаси сифатида кадастр қиймати қўлланилмоқда. Оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари ҳозирча бевосита ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.

Оммавий баҳолаш тизими Президентнинг 2025 йил 5 мартдаги ПФ–43-сон Фармони асосида босқичма-босқич жорий этилмоқда. 2025–2026 йилларда ушбу тизим Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида синовдан ўтказилмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтда 600 мингдан ортиқ квартира баҳоланган. Уларнинг амалдаги умумий кадастр қиймати 57,8 трлн сўм бўлса, оммавий баҳолаш натижасида 426,7 трлн сўмлик қиймат шаклланган. Шунингдек, 213 мингдан ортиқ ҳовли-жойнинг умумий баҳоси 39,1 трлн сўмлик кадастр қийматидан 548,4 трлн сўмгача фарқ қилган.

Янги баҳолаш натижасини кўриш ва уни қайта кўриб чиқишни сўраш имконияти my.gov.uz порталида мавжуд. Хизмат бепул ва алоҳида ҳужжат талаб этилмайди.

Мулкдорлар натижа билан танишиб, ҳисоб-китобларда фойдаланилган маълумотлар бўйича тушунтириш олиши ёки баҳони қайта кўриб чиқишни сўраши мумкин. Шунингдек, мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилиш ҳуқуқи ҳам мавжуд.

Оммавий баҳолаш натижалари муҳокамаси якунланиб, тегишли қонунчилик қабул қилинганидан сўнг, кўчмас мулкни солиққа тортиш масалалари ваколатли вазирлик ва идоралар томонидан алоҳида кўриб чиқилади.

Chat