Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

«Мадад» ННТ Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги вакилларига янги лойиҳасини тақдим этди

  • 10.09.2026
  • 45 марта ўқилди

«Мадад» ННТ офисида Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда 2026–2027 йилларга мўлжалланган, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий салоҳиятини ошириш ва институционал барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳа таклифи ва чора-тадбирлар режаси тақдим этилди.


Учрашувда «Мадад» ННТ фаолияти, аҳолига кўрсатилаётган бепул бирламчи юридик ёрдам натижалари ҳамда ННТларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари муҳокама қилинди. Ташкилот бугунги кунда республиканинг 14 та ҳудудидаги 148 та туман ва шаҳарда ҳуқуқий маслаҳат бюролари орқали фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида «Мадад» ННТ томонидан жами 303 947 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган. Шундан 167 659 нафар фуқаро ҳуқуқий маслаҳат бюролари, 38 259 нафар фуқаро Advice.uz портали, 98 029 нафар фуқаро эса 1008 ва 1148 ишонч телефонлари орқали хизматдан фойдаланган. Бундан ташқари, 20 375 нафар фуқарога процессуал ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрлаб берилган.

Тақдим этилган лойиҳанинг асосий мақсади ННТларга бир марталик маслаҳат бериш билан чекланмасдан, улар учун узоқ муддатли ва барқарор ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш тизимини шакллантиришдан иборат. Лойиҳа мутахассисларни ўқитиш, ҳуқуқий қўлланмалар яратиш, рақамли хизматларни жорий этиш, махсус ҳуқуқий ёрдам линиясини ташкил қилиш, мурожаатларни таҳлил қилиш ва халқаро тажриба алмашинувини қамраб олади.

«Биз ушбу лойиҳани оддий бир грант лойиҳаси сифатида эмас, балки ННТларга “билим бериш — амалий ёрдам кўрсатиш — ҳуқуқий хатоларнинг олдини олиш — институционал салоҳиятни кучайтириш”нинг яхлит тизимини яратишга қаратилган ҳамкорлик сифатида кўрамиз».

Лойиҳанинг биринчи босқичида «Мадад» ННТ марказий аппарати, ҳуқуқий маслаҳат бюролари ҳамда «1008-4» линияси мутахассислари учун 5 кунлик интенсив ўқув дастури ташкил этиш режалаштирилган. Унда жами 65 нафар мутахассис — 20 нафари офлайн ва 45 нафари онлайн шаклда ўқитилади. Ўқувлар грантлар билан ишлаш, давлат электрон платформаларидан фойдаланиш, ҳисоботлар, уставга ўзгартириш киритиш, бухгалтерия ва бошқа амалий ҳуқуқий масалаларни қамраб олади.

Кейинчалик тайёрланган мутахассислар билимларини ҳудудлардаги ННТ вакилларига етказади. 2026 йил ноябрь–декабрь ойларида Фарғона ва Наманган вилоятларининг 8 та туман ва шаҳрида 300 нафар ННТ ходими учун тренинглар ўтказиш режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида ННТ раҳбарлари, бухгалтерлари, юристлари ва лойиҳа менежерлари учун амалий ҳуқуқий қўлланма ишлаб чиқилиб, уни 500 нусхада чоп этиш назарда тутилган. Шунингдек, Advice.uz порталида ННТлар учун махсус бўлим ташкил қилиниб, қўлланмалар, видеоматериаллар, устав, шартнома, ҳисобот ва бошқа намунавий ҳужжатлар очиқ фойдаланиш учун жойлаштирилади.

Advice.uz порталида “NNT Maslahatchi” сунъий интеллект тизимини ишга тушириш орқали ННТ вакилларига ҳуқуқий саволлар бўйича 24/7 режимда тезкор ахборот олиш имкониятини яратиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 1008 ишонч телефонида «1008-4 — ННТлар фаолияти бўйича ҳуқуқий ёрдам» махсус линияси ташкил этилади. У орқали грантлар, рўйхатдан ўтиш, электрон тизимлар ва бошқа ҳуқуқий ҳамда техник масалалар бўйича тўғридан-тўғри профессионал маслаҳатлар берилади. Келиб тушган мурожаатлар электрон қайд этилиб, энг кўп учрайдиган муаммолар бўйича доимий таҳлил олиб борилади.

2027 йилда лойиҳани республика миқёсида кенгайтириш кўзда тутилган. Режага кўра, 40 та туман ва шаҳарда жами 1 700 нафар ННТ ходимининг малакаси оширилади. Шу билан бирга, “NNT Maslahatchi” ва “1008-4” хизматлари доимий институционал механизм сифатида ривожлантирилади.

Лойиҳанинг яна бир йўналиши — ННТлардан келиб тушадиган мурожаатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиб, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. Бу орқали алоҳида мурожаатларни ҳал қилиш билан бирга, тизимли ҳуқуқий муаммоларнинг сабабларини аниқлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, Швейцариянинг ҳуқуқий институтлари, адвокатлик тузилмалари, медиация марказлари ва инсон ҳуқуқлари институтлари билан тажриба алмашиш, келгусида қўшма лойиҳалар ва стажировка дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Лойиҳанинг якуний мақсади — алоҳида тадбирларни амалга ошириш эмас, балки Ўзбекистонда ННТлар учун барқарор, очиқ, замонавий ва узоқ муддат ишлайдиган ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш экотизимини яратишдир.

Учрашув давомида томонлар лойиҳанинг самарадорлигини ошириш, мавжуд масалаларни очиқ муҳокама қилиш ва кейинги босқичларни янада самарали ташкил этиш юзасидан фикр алмашишга алоҳида эътибор қаратди.

Chat