Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 97829 марта ўқилди

Боғчага тўланадиган ота-оналар пули миқдори билан қуйида танишинг.

  • Боғчада тўловнинг бир кунлик қиймати бир ойлик тўлов миқдори шу ой мобайнидаги иш кунлари сонига бўлиш орқали аниқланади.  

2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг:

  • фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинсин;
  • 3 ёшгача бўлган фарзандлари учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Давлат бюджетидан субсидиялар белгиланган тартибда ажратилсин.

Агар битта оиладан 2 ва ундан ортиқ болалар турли боғчаларга қатнаса, ота-оналар бир фарзанди борадиган боғчага иккинчи фарзанди борадиган боғчадан унинг қатнаши тўғрисида маълумотномани тақдим этиши лозим.

  • Боғчаларда тўловлар ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан тўланади. Ойнинг 15-санасидан кейин келган болалар таъминоти учун тўловлар эса, бола келган кундан бошлаб 3 кун ичида тўланади. Бунда тўловлар боланинг шу ойда боғчага қатнайдиган кунларга мутаносиб равишда тўланади.
  • Боғчаларда тўловлар банклар (жамғарма кассалар) орқали нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда (банк пластик карточкалари орқали ва пул ўтказиш йўли билан) тўланади. Бунда тўловнинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси боғчага тақдим этилади.

Тўловларни вақтида тўламаслик оқибатлари
  • Ота-оналар томонидан тўловларни белгиланган миқдорда ва/ёки муддатлар ўтгач 2 ҳафта мобайнида узрли сабабларсиз тўланмамлик боланинг боғчада бўлишини тўхтатиш учун асос бўлади.
  • Боғчага амалга оширилмаган тўлов 60 кун ичида тўлаб берилганда, болани тегишли боғчага тиклаш мажбурий тартибда амалга оширилади. Мазкур муддат ўтиб кетган тақдирда, боғчага болани тиклаш янги қабул қилинган болалар учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Боғча пулини тўлашдан озод қилиш
  • Боғчада болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинади.
  • Бунда биринчи навбатда ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногиронлиги бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.
  • Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати маҳалла томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномага ва тегишли боғча ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.
  • Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати ҳар ўқув йилининг 25 сентябрь кунига қадар тасдиқланади.
  • Рўйхатига кирмай қолган, шунингдек йил давомида аниқланган кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобидан захира шакллантирилади.
  • Тўловдан озод қилинган болаларнинг боғчага қатнаши тўхтатилиши натижасида бўшаб қолган ўринлар мазкур заҳирадан тўлдириб борилади.

Қуйидаги касалликлар мавжуд болалар учун боғча пули тўланмайди:
  • Нутқидаги оғир нуқсонлар (ринолалия, дудуқланиш, болалар афазияси, руҳий-нутқий ривожланишда орқада қолиш).
  • Эшитишдаги оғир нуқсонлар (II — IV даражадаги карлик).
  • Кўришдаги оғир нуқсонлар (кўзи ожизлар, бир кўзи соққаси йўқлиги (анофтальм), амблиопия ва ғилай бўлган заиф кўрадиганлар).
  • Таянч-ҳаракатланишидаги нуқсонлар (бош мия, бўйин, кўкрак қафаси, умуртқа, бўғимлар ва оёқлар операцияларининг барча турларидан кейинги ҳолати; бўйин, кўкрак қафаси, умуртқанинг идиапатик деформациялари; кифоз; лордоз; кифосколиоз; оёқ панжалари фалажи; таянч-ҳаракатланиш аъзоси ривожланиши аномалиялари; артрозоартритлар; остехондропатия; хондродистрофия; болалар церебрал фалажи; менингоэнцефалитга чалингандан кейин ҳамда туғруқ асоратларидан кейинги таянч-ҳаракатланиш аъзоларининг барча патологиялари (гемипарез, парапарез, монопарез ва шу турдаги плегиялар); полирадикулоневритлар ва уларнинг асоратлари).
  • Психик ривожланишда орқада қолиш (ақлий орқада қолиш (ақлий фаолиятининг орқада қолиши ва ақлий заифликнинг енгил даражаси).
  • Мураккаб нуқсонлар (ривожланишда икки ва ундан ортиқ нуқсонлар мавжудлиги).
  • Сил касаллигининг илк кўриниши (сил касаллиги билан касалланган бемор билан бир оиладан (хўжаликдан) бўлиб алоқада бўлганлар, тубвираж), шунингдек сил касаллигидан кейинги тиклаш даври.

Бундай болаларни озод қилиш тегишли тиббиёт муассасасининг маълумотномасига асосан амалга оширилади.

Мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун тўлов ҳисоб-китоби:
  • Боланинг ёки оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли, шунингдек ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола мактабгача таълим ташкилотига кетма-кет 3 кундан ортиқ келмаган даври учун тўланган тўловлар кейинги тўловларни амалга оширишда ҳисобга олинади. Бунда боланинг келмаган кунлари сони бир кунлик тўлов миқдорига кўпайтирилиб, кейинги тўлов суммаси чиққан суммага камайтирилади. Агар боланинг келмаган кунлари учун тўлов ҳали амалга оширилмаган бўлса, тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлари учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.
  • Боланинг ёки унинг оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли боланинг мактабгача таълим ташкилотига келмаганлиги тегишли даволаш-профилактика муассасаси ёки участка шифокори томонидан бериладиган маълумотнома билан тасдиқланиши шарт.
  • Ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола мактабгача таълим ташкилотига келмаслигига ота-оналардан бирининг сабаби кўрсатилган ҳолда мактабгача таълим ташкилоти раҳбарияти номига олдиндан ёзган аризаси (билдиришномаси) асос бўлиб ҳисобланади. Бунда боланинг бир йилда кўпи билан 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатгача мактабгача таълим ташкилотига келмаслигига рухсат берилади.
  • Боланинг уйда қолган бошқа барча ҳолларида мактабгача таълим ташкилотида бола таъминоти учун тўловлар умумий асосларда тўланади.

Chat