Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 19071 марта ўқилди

Қарорни ихтиёрий ижро этиш

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори унда кўрсатилган тартиб ва муддатда ихтиёрий ижро этилади. Агар қарорда муддат белгиланмаган бўлса, у дарҳол ижро этилиши керак.

Қарор белгиланган муддатда бажарилмаса, манфаатдор тараф уни мажбурий ижро этиш чораларини кўриши мумкин.

Қарор юзасидан низолашиш

Ҳакамлик муҳокамаси тарафи қарорни олган кундан бошлаб 30 кун ичида ваколатли судга уни бекор қилиш ҳақида ариза бериши мумкин.

Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида қарор қабул қилинган шахс ҳам қарор ҳақида билган кундан бошлаб 30 кун ичида ариза бериш ҳуқуқига эга.

Қарорни бекор қилиш ҳақида ариза берилса, ваколатли судда иш юритиш тугагунига қадар қарор ижроси бўйича иш юритиш тўхтатиб турилади.

Қарорни бекор қилиш асослари

Ваколатли суд қарорни, жумладан, қуйидаги ҳолларда бекор қилиши мумкин:

  • ҳакамлик битими ҳақиқий эмас бўлса;
  • қарор битимда назарда тутилмаган низо бўйича чиқарилган бўлса;
  • қарор ҳакамлик битими доирасидан четга чиққан бўлса;
  • суд таркиби ёки муҳокама қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;
  • тараф судьяларни танлаш ёки мажлис вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бўлса ва шу сабабли ўз тушунтиришларини беролмаган бўлса;
  • низо қонунга кўра ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлиши мумкин бўлмаса.

Агар битим доирасидан ташқари хулосаларни қолган қисмдан ажратиш мумкин бўлса, қарорнинг фақат тегишли қисми бекор қилинади.

Муҳим: Ваколатли суд низони бошидан қайта кўриб чиқмайди, далилларга қайта баҳо бермайди ва ҳакамлик суди қарорини мазмунан текширмайди. У фақат қонунда белгиланган бекор қилиш асослари мавжудлигини баҳолайди.

Мажбурий ижро ва ижро варақаси

Қарор ихтиёрий бажарилмаса, мажбурий ижро ваколатли суд берган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

Ижро варақаси ҳақидаги ариза ихтиёрий ижро муддати тугаган кундан бошлаб 6 ойдан кечиктирмай берилади. Узрли сабаблар бўлса, суд ўтказиб юборилган муддатни тиклаши мумкин.

Аризага:

  • қарорнинг тасдиқланган нусхаси;
  • ҳакамлик битими нусхаси;
  • ариза нусхаси бошқа иштирокчиларга берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Доимий суд қарорининг нусхасини унинг раиси тасдиқлайди. Муваққат суд қарорининг нусхасидаги ҳакамлик судьяси имзоси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Мажбурий ижро «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун асосида, аризани кўриб чиқиш эса Фуқаролик процессуал кодекси ёки Иқтисодий процессуал кодекси талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Chat