Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18677 марта ўқилди

Аризани ким беради

Ярашув тўғрисидаги ариза:

  • жабрланувчи;
  • фуқаровий даъвогар;
  • уларнинг қонуний вакили томонидан берилади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи жабрланувчининг ўрнига ариза бермайди. Бироқ ишни ярашув тартибида тугатиш учун унинг розилиги ва ўз айбига иқрорлиги талаб этилади.

Аризанинг шакли ва мазмуни

Ариза ёзма шаклда берилади. Унда:

  • жиноят натижасида етказилган зарар бартараф этилгани;
  • ярашув ихтиёрий экани;
  • жиноят иши бўйича иш юритишни ярашилганлик муносабати билан тугатиш ҳақидаги илтимос кўрсатилиши шарт.

Аризага зарар қопланганини тасдиқловчи тилхат, тўлов ҳужжати ёки бошқа далилларни илова қилиш мақсадга мувофиқ.

Ариза бериш босқичлари

Умумий қоидага кўра, ариза:

  • суриштирувда;
  • дастлабки терговда;
  • суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага — маслаҳатхонага киришидан олдин берилиши мумкин.

Оилавий зўравонлик ишлари

Оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар бўйича ярашув аризаси суриштирув ёки дастлабки терговда эмас, фақат суд муҳокамаси вақтида ва суд маслаҳатхонага киришидан олдин берилади.

Муҳим: Иш бўйича бир нечта жабрланувчи бўлса, ярашув тартибини қўллаш учун барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилиши керак.

Ариза берилганидан кейинги жараён

Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор аризани олгач, гумон қилинувчи ёки айбланувчининг розилиги билан 7 суткадан кечиктирмай ишни судга юбориш ҳақида қарор чиқаради.

Қарор прокурор розилиги билан у чиқарилганидан кейин 3 сутка ичида судга юборилади. Суд эса иш келиб тушганидан кейин 10 суткадан кечиктирмай муҳокама ўтказади.

Агар ариза биринчи инстанция судида муҳокама вақтида берилса, суд уни дарҳол кўриб чиқишга киришади.

Аризанинг ҳуқуқий оқибати

Аризани қабул қилаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд жабрланувчига ярашувнинг оқибатларини тушунтириши шарт.

Суд ярашувни тасдиқлаганидан кейин жабрланувчи мазкур иш бўйича иш юритишни қайта тиклашни сўраш ҳуқуқини йўқотади.

Тартиб Жиноят кодексининг 66¹-моддаси ва Жиноят-процессуал кодексининг 583–585-моддалари билан белгиланади.

Chat