Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9372 марта ўқилди

Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш, замонавий ахборот ечимларини жорий этиш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш, шунингдек, ушбу соҳада таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

Қуйидагилар белгиланмоқда:

а) 2022 йил 1 январдан бошлаб:

чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобиль иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга уларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади, бундан автомобиль сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиа чипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов, шунингдек, тўлов тизими операторлари орқали тўловни амалга оширганда олинган харид чеклари мустасно;

сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек, идентификация қилиш воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммаси ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида назорат-касса техникасини ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибининг бузилиши бўйича белгиланган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади. Бунда, жариманинг қолган ундириладиган қисми белгиланган тартибда тақсимланади;

б) тўлов тизимлари операторлари ўз тўлов тизимларини онлайн назорат-касса машиналарига мажбурий равишда улаш ва шу орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига интеграциялашни таъминлаш талаби ўрнатилади.

Қуйидагилар тақиқланмоқда:

а) 2022 йил 1 январдан бошлаб маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги идентификациялаш кодлари акс эттирилмайдиган онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал касса чеклари тақдим этилади.

б) 2022 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги имкониятларга эга бўлмаган онлайн назорат-касса техникаларини давлат реестрига киритилади ҳамда солиқ органларида рўйхатга олиш, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса улардан аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланилади:

  • банк карталари орқали тўловларни қабул қилиш;
  • онлайн назорат-касса машинасининг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотни солиқ органларига тақдим этиш (виртуал кассалар ва онлайн назорат-касса машинаси сифатида фойдаланилаётган банк карталарини қабул қилувчи терминаллар бундан мустасно);
  • штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини эркин ўқиш ва аниқлаш.

2022 йил 1 январдан бошлаб рақамли маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал кассага уланган, штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмалардан (2D-сканерлар, маълумотларни йиғувчи терминаллар ёки бошқа турдаги махсус қурилмалар) мажбурий фойдаланиш талаби ўрнатилади.

Chat