Автотранспорт воситасининг олди-сотди (ҳадя қилиш, айирбошлаш) шартномаси нотариал тартибда тасдиқлангандан сўнг ушбу автотранспорт воситаси 10 кун ичида эгасининг доимий яшаш жойидаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматида (ЙҲХДХ) рўйхатдан ўтказилиши ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси (РЎДРБ) олиниши лозим.
Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳудудий ДЙҲХХ органлари томондан қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
а) ЙҲХХ ва унинг ҳудудий бошқармаларида рўйхатдан ўтказилмаган янги автомототранспорт воситаси олинганда;
б) Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига киритилган автомототранспорт воситалари ва улар тиркамалари ва ярим тиркамаларининг эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида божхона рўйхатидан ўтказишда;
в) илгари ЙҲХХ ва унинг ҳудудий бошқармаларида рўйхатдан ўтган автомототранспорт воситасининг эгаси ўзгарганда;
г) автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтган жойини ўзгартиришни талаб қилувчи, автомототранспорт воситаси эгасининг яшаш (турар) жойи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган ҳолатларда.
Автомототранспорт воситаси унинг эгасининг — жисмоний ёки юридик шахснинг номига давлат рўйхатидан ўтказилади.
Жисмоний шахсларнинг автомототранспорт воситалари уларнинг доимий рўйхатга олинган жойи бўйича, доимий рўйхатга олинган жойи бўлмаса — вақтинча турган жойи бўйича давлат рўйхатидан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи, 31.03.2024 йилда рўйхатдан ўтган, рўйхат рақами 2303-5 кўра, 1 апрелдан электромобиллар, мототранспорт воситалари ва тиркамаларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар ставкаси 15 бараварга — 1,5 БҲМгача оширилди. Қолган барча автомобиллар бўйича ставка 68,4 бараварга ошиб, 6,84 БҲМ ташкил этади.