Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 87271 марта ўқилди

Давлат божи қандай ҳисобланади?

Судга даъво аризаси, ариза ёки шикоят беришда тўланадиган давлат божи миқдори мурожаат тури, даъвонинг мулкий ёки номулкий хусусияти, даъво баҳоси ва мурожаат қилинаётган суд турига боғлиқ.

Давлат божини дастлабки ҳисоблаш учун Олий суднинг электрон калькуляторидан фойдаланиш мумкин. Калькуляторда:

  • суд тури;
  • мурожаат тури;
  • даъво баҳоси;
  • жисмоний ёки юридик шахс эканлиги каби маълумотлар киритилади.

Муҳим: калькулятор кўрсатган сумма дастлабки ҳисоб-китоб ҳисобланади. Якуний тўлов миқдори ишнинг хусусияти, бир нечта талаб мавжудлиги ва қонунчиликдаги имтиёзларга қараб фарқ қилиши мумкин.

Давлат божи қачон тўланади?

Қоида тариқасида, давлат божи судга мурожаат топширилгунига қадар тўланади. Тўловни тасдиқловчи ҳужжат мурожаатга илова қилинади.

Айрим процессуал мурожаатларда давлат божидан ташқари почта харажатлари ҳам тўланиши мумкин.

Давлат божининг ставкалари ва имтиёзлар «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун билан белгиланади.

Тўлов бўйича имтиёзлар

Қонунда назарда тутилган шахслар ва талаблар бўйича аризачи давлат божини тўлашдан озод қилиниши мумкин. Шунингдек, процессуал қонунчиликда белгиланган ҳолларда суд:

  • давлат божини тўлашни кечиктириши;
  • уни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериши;
  • ортиқча ёки нотўғри тўланган суммани қайтариш масаласини ҳал қилиши мумкин.

Тегишли тартиблар Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда белгиланган.

Chat