Шрифт ўлчами
Кўриниш
Манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан мурожаат қилиши мумкин.
Давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан ҳал этилади.
Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан 3 ой ичида судга берилиши мумкин. Ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.
Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) умумий талабларга мувофиқ бўлиши керак. Аризага (шикоятга) шунингдек устидан шикоят қилинаётган қарорнинг матни илова қилинади.
Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келмайдиган қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан шикоят фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади.
Агар қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги даъво аризаси фуқаронинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида унга маълум бўлган пайтдан эътиборан 3 ой ичида судга берилиши мумкин.