Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15976 марта ўқилди

Санаторий туридаги мактаб-интернатлар охирги 5 йилда 3 ёшдан 16 ёшгача болалар ўртасида тегишли касалликларнинг кўпайганлигини кўрсатадиган расмий статистика маълумотларига асосан халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари тақдимномасига молия бошқармаларининг ижобий хулосаси берилган тақдирда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими томонидан ташкил этилади.

Санаторий туридаги мактаб-интернатларда ўқувчилар бепул умумий ўрта таълим, бепул тиббий хизмат ҳамда бепул озиқ-овқат билан таъминланади.

Санаторий туридаги мактаб-интернатга болалар 7 ёшдан бошлаб қабул қилинади

Санаторий туридаги мактаб-интернатлар турлари:

Санаторий туридаги мактаб-интернатлари қуйидаги турларга бўлинади:

  • сколиоз билан касалланган болалар учун санаторий туридаги мактаб-интернатлар;
  • сил ва нафас олиш органларининг сурункали касалликлари хавфи бўлган гуруҳ болалари учун санаторий туридаги мактаб-интернатлар.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига уларнинг турига мувофиқ ҳолда:

  • I—IV даража сколиоз билан касалланган;
  • сил ва нафас олиш органларининг сурункали касалликларига чалинган, алоҳида шарт-шароитларда даволаш ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган мактаб ёшидаги болалар қабул қилинади.

Санаторий туридаги мактаб-интернатларга қуйидагилар қабул қилинмайди:

  • ақли заиф болалар;
  • хулқ-атворида оғир бузилишлар, ҳиссий-иродавий соҳасида (органик) нуқсонлари бўлган болалар;
  • юрак-қон томири касалликлари бор болалар;
  • таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган, мустақил равишда ҳаракатлана олмайдиган ва ўз-ўзига хизмат кўрсата олмайдиган болалар;
  • кўр-кар-соқов болалар;
  • тез-тез такрорланадиган эпилептик тутқаноқдан азият чекадиган (эпилептик деменция, кундузги ва тунги вақтларда тутқаноғи тез-тез такрорланадиган) болалар;
  • марказий асаб тизимига шикаст етганлиги туфайли сийдик ва нажасини ушлаб туролмайдиган болалар.

Мазкур тоифадаги болалар имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабларда ёки уйда таълим олади.

Санаторий туридаги мактаб-интернатларга жойлаштириш:

Болаларни санаторий туридаги мактаб-интернатлар юбориш халқ таълими бошқармалари томонидан, бошқармалар ҳузурида ташкил этилган психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан амалга оширилади.

Санаторий туридаги мактаб-интернатларга йўлланган ҳар бир болага ота-оналари (чин етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун — васийлик ва ҳомийлик органлари) томонидан шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштирилади ва тақдим этилади.

Боланинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар бўлади:

  • ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси;
  • психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаларининг ихтисослаштирилган таълим муассасасига йўлланган бола билан олиб бориладиган таълим-тарбиявий ва даволаш-тузатиш бўйича тавсиялари акс этган баёни;
  • туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
  • маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар;
  • ўқиш жойидан таълимнинг муддати, ўқув фанларини ўзлаштириши ва хулқ-атвори, болага якка тартибда кўмак бериш борасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили акс эттирилган маълумотнома ва тавсифнома;
  • боланинг яшаш жойидаги шифохона бош врачи томонидан имзоланган, унинг ривожланиши тарихидан муфассал кўчирма:
  • педиатрнинг боланинг умумий ривожланиши ҳолати тўғрисидаги хулосаси;
  • психоневрологнинг тиббий ташхис билан асосланган ва боланинг ақлий ривожланишига тавсифи билан хулосаси;
  • оториноларингологнинг қулоқ, томоқ, бурун ва талаффуз артикуляциясида иштирок этувчи органларнинг ҳолатига тавсифи билан хулосаси;
  • офтальмологнинг кўриш органига тавсифи билан хулосаси;
  • ортопед врачнинг хулосаси (таянч-ҳаракатланиш аппаратида нуқсони бўлган, сколиозга чалинган болалар учун);
  • врач-фтизиатрнинг хулосаси (туберкулез ва нафас олиш органларининг сурункали касалланиши хавфи остидаги болалар гуруҳлари учун).

Санаторий типидаги мактаб-интернатларда таълим жараёни:

Санаторий типидаги мактаб-интернатларда ўқитиш умумий ўрта таълим ўқув режалари ва таълим дастурлари асосида олиб борилади.

Санаторий типидаги мактаб-интернатларда болалар 3 йилдан кўп бўлмаган муддат бўлиши мумкин.

Санаторий типидаги мактаб-интернатларда сил ва нафас олиш органларининг сурункали касалликлари ривожланиши хавфи мавжуд гуруҳдаги болалар учун синфлар ва тарбияланувчилар гуруҳи тўлдирилиши камида 25 нафарни, сколиоз билан касалланган болалар учун синфлар ва тарбияланувчилар гуруҳи тўлдирилиши эса — камида 20 нафарни ташкил қилади.

Биринчи ярим йилликда I синфда дарснинг давомийлиги — 35 дақиқа, иккинчи ярим йилликда I синфда ва бошланғич таълим (мактаб)нинг II — IV синфларида-40 дақиқа, V ва кейинги синфларда — 45 дақиқа бўлади.

Санаторий типидаги мактаб-интернатларда ўқувчилар учун турли тўгараклар, қизиқишларига кўра клублар, секциялар (жумладан, шифокорлар тавсияларига кўра спорт секциялари) ва болаларнинг интеллектуал ҳамда ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган студиялар ташкил этилади.

Санаторий типидаги мактаб-интернатларда таълим жараёнининг психологик таъминотини муассаса штатидаги психолог амалга оширади.

Болаларни соғломлаштиришга йўналтирилган даволаш-соғломлаштириш, реабилитация, санитария-гигиена ва профилактика чора-тадбирлари мактаб-интернатларнинг штатдаги тиббий ва педагог ходимлари ҳамда таълим муассасасига бириктирилган соғлиқни сақлаш муассасасининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

 

 

Chat