Бузилиши маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қоидаларга риоя этилишини текшириш ва (ёки) назорат қилиш қонунчилик билан зиммасига юклатилган тегишли органнинг ваколатли мансабдор шахси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомада: шу баённома тузилган сана ва жой, баённомани тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми; ҳуқуқбузарнинг шахсига оид маълумотлар; маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳияти, ана шундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив ҳужжат; агар гувоҳлар ва жабрланувчилар бўлса, уларнинг фамилиялари ва яшаш манзиллари; ҳуқуқбузарнинг тушунтириши; ишни ҳал қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади. Башарти ҳуқуқбузарлик туфайли моддий зарар етказилган бўлса, бу ҳам баённомада кўрсатилади.
Баённома уни тузган шахс ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс томонидан имзоланади; гувоҳлар ва жабрланувчилар бўлган тақдирда эса — баённома мазкур шахслар томонидан ҳам имзоланади.
Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, баённомага бу ҳақда ёзиб қўйилади. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённоманинг мазмуни юзасидан баённомага илова қилинадиган тушунтириш ва мулоҳазаларини беришга, шунингдек мазкур баённомага имзо чекишдан бош тортиш сабабларини баён этишга ҳақлидир.
Баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб уч суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган орган (мансабдор шахс)га юборилади.
Агар фуқаро ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирмаса ҳамда унга жойнинг ўзида солинадиган жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан ошмаса, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий баённома, жарима миқдоридан қатъи назар, тузилади, бундан ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.