Шрифт ўлчами
Кўриниш
Олий таълимдан кейинги таълим — жамиятнинг олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга эҳтиёжини таъминлашга йўналтирилган узлуксиз таълим тури ҳисобланади.
Олий таълимдан кейинги таълим олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасаларида олинади.
Олий таълимдан кейинги таълим қуйидаги шаклларда ташкил этилади:таянч докторантура:
- ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда мутахассисликни чуқур ўрганиш ва докторлик диссертациясини тайёрлаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида улар томонидан илмий изланишлар олиб бориш бўйича фалсафа доктори (РhD) илмий даражаси изланувчилари учун ОТМ ва ИТМларида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари бўйича ташкил этиладиган олий ўқув юртидан кейинги таълим шакли;
докторантура;
- ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда мутахассисликни чуқур ўрганиш ва докторлик диссертациясини тайёрлаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида улар томонидан илмий изланишлар олиб бориш бўйича фан доктори (DSc) илмий даражаси изланувчилари учун ОТМ ва ИТМларида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари бўйича ташкил этиладиган олий ўқув юртидан кейинги таълим шакли;
мустақил изланувчилик;
- ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда докторлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида мутахассисликни чуқур ўрганиш ва улар томонидан илмий изланишлар бўйича фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражалари изланувчилари учун ОТМ ва ИТМларда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълим шакли.
Талабгорларга қўйиладиган талаблар:Олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилинаётганлар қуйидаги талаблардан бирига жавоб бериши шарт:
- магистр дипломига эга бўлиш;
- клиник ординатурага (тиббиёт фанлари учун) эга бўлиш;
- мутахассислик дастурлари бўйича олинган олий маълумот тўғрисидаги дипломга эга бўлиш;
- илмий даражага эга бўлганлар мутахассислиги олий таълимдан кейинги таълим ихтисослиги тегишли бўлган фан соҳасига мувофиқ бўлиши.
Фан соҳалари мос келмаганда ёки олий таълимдан кейинги таълимни фаннинг турдош соҳалари бўйича олиш режалаштирилганда талабгорлар Олий аттестация комиссияси (ОАК) белгилаган фанлар бўйича қўшимча имтиҳонлар топширади.
Қуйидаги мутахассисликлар бўйича фаннинг турдош соҳалари бўйича қабул қилишга йўл қўйилмайди:
- тиббиёт;
- фармацевтика;
- ветеринария.
Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш истагидаги талабгорларга илмий раҳбарларга, фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш истагидаги талабгорлар эса — илмий маслаҳатчиларга бириктирилади.
Фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланадиган диссертация тадқиқотлари илмий маслаҳатчини тайинланмасдан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилишТаълим муассасалари ҳар йили 1 сентябрдан кечикмасдан оммавий ахборот воситаларида олий таълимдан кейинги таълимга ўқиш учун талабгорларнинг ҳужжатларини қабул қилиш тўғрисида эълон беради.
Ҳужжатлар қабул комиссияси томонидан 15 сентябрдан 15 октябргача бўлган даврда қабул қилинади.
Таянч докторантурада ўқишга талабгорлар қуйидаги ҳужжатларни топширади:
- ариза;
- қисқача биографик маълумотнома;
- меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси (ишлаётган талабгорлар учун);
- олий таълим муассасаси магистратураси дипломи ёки клиник ординатурани тугатганлик (тиббиёт фанлари учун), олий маълумот (мутахассислик дастурлари бўйича) тўғрисидаги диплом нусхаси;
- нашр этилган илмий ишлар рўйхати, шунингдек уларнинг нусхалари;
- Президент Давлат стипендияси соҳиблари тегишли ҳужжат нусхасини тақдим этадилар.
Докторантурада ўқишга талабгорлар қуйидаги ҳужжатларни топширади:
- ариза;
- қисқача биографик маълумотнома;
- меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси (ишлаётган талабгорлар учун);
- олий маълумот, фан номзоди ёхуд фалсафа доктори (PhD) ёки хорижий давлатларда унга тенглаштирилган илмий даражага эга бўлганлиги тўғрисидаги диплом нусхаси;
- тадқиқот мавзуси бўйича илмий маъруза ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган докторлик диссертацияси режасининг муфассал лойиҳаси;
- нашр этилган илмий ишлар рўйхати, шунингдек уларнинг нусхалари.
Мустақил изланувчиликка талабгор қуйидаги ҳужжатларни топширади:
- қисқача биографик маълумотнома;
- фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун магистрлик ёки клиник ординатура (тиббиёт фанлари учун) ёки олий маълумот (мутахассислик дастури бўйича) тўғрисидаги диплом нусхаси;
- меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;
- илмий ишлар рўйхати ва уларнинг нусхаси;
- фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) дипломи ёки хорижда олинган унга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар дипломи нусхаси;
- иш жойидан тавсифнома.
Тиббиёт фанлари бўйича олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилишда талабгордан клиник ординатура (магистратурани) ёки илмий даражани олганидан сўнг илмий, илмий-педагогик ёки амалий иш стажига эга бўлиши талаб этилиши мумкин.
ИмтиҳонларТаянч докторантурада ўқиш учун талабгорлар мутахассислик ва чет тили (таълимнинг олдинги даражаларида ўрганилган хорижий тил) бўйича кириш имтиҳонлари топширадилар.
Талабгорларда IELTS (ўртача балли камида 5,5), TOEFL (РВТ) (567 баллдан кам бўлмаган), TOEFL (iBT) (87 баллдан кам бўлмаган), CEFR (В2 даражадан паст бўлмаган) бўйича тасдиқловчи амалдаги халқаро малака сертификатлари мавжуд бўлганда чет тилидан топшириладиган имтиҳонлардан озод этилади.
Кириш имтиҳонлари саволлари ОТМ ёки ИТМнинг қабул комиссияси томонидан мутахассисликнинг моҳиятидан келиб чиқиб тузилади ва коллегиал орган томонидан тасдиқланади.
Докторантура мустақил изланувчиликка талабгорлар коллегиал орган томонидан ихтисослик бўйича суҳбатдан ўтадилар.
Таянч докторантурага кириш имтиҳонлари ва докторантурага кириш учун суҳбат ҳар йили 1 — 25 ноябрь даврида ўтказилади.
Мустақил изланувчиликка талабгорларни танлаб олиш ҳар йили 30 ноябргача бўлган муддатда амалга оширилади.
Бир неча талабгорларнинг таянч докторантурага ва докторантурага кириш имтиҳонлари ёки суҳбат натижалари бўйича улар томонидан тўплаган якуний баллари тенг бўлган тақдирда қуйидаги талабгорларга устунлик берилади:
а) таянч докторантурага:
- магистратурани аъло баҳолар билан тамомлаганлар;
- муаллифлик гувоҳномалари ва патентга эга бўлганлар;
- журналларда, шу жумладан хорижий журналларда илмий мақолалар чоп этганлар;
б) докторантурага:
- 5 йилдан ортиқ илмий-педагогик стажга эга бўлганлар;
- муаллифлик гувоҳномалари ва патентга эга бўлганлар;
- монография (ижтимоий-гуманитар фанлар учун), талабгорнинг диссертация мавзуси бўйича ОАК рўйхатига мувофиқ илмий журналларда, шу жумладан хорижий журналларда чоп этилган сони бўйича (бошқа талабгорларга нисбатан) кўп миқдорда илмий мақолага эга бўлганлар;
- диссертация тадқиқоти ҳажмининг 50 фоиздан кўп қисмини бажарганлар.
Олий таълимдан кейинги таълимга ўқишга қабул қилиш ҳар йили 5 декабргача амалга оширилади. Бунда таълим олиш кейинги йил бошидан бошланади.
Ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда, тасдиқланган диссертация мавзулари илмий раҳбарлар ва илмий консультантлар (консультант бўлган тақдирда) ҳам белгиланади.
Тасдиқланган диссертация мавзулари, илмий раҳбар ва илмий консультантлар (консультант тайинланган ҳолатларда) тўғрисидаги маълумот Инновацион ривожланиш вазирлигининг маълумотлар базасига киритилади, шунингдек ОАКда рўйхатга олинади ва «ОАК Бюллетени» журналида чоп этилади.
Таълим олишЎқишга қабул қилинган санадан бошлаб:
- стажёр-тадқиқотчиликда— таҳсил олувчи шахсларга стажёр-тадқиқотчи лавозим маошининг базавий миқдорига тенглаштирилган миқдорда стипендия тўланади;
- таянч докторантурада — таҳсил олувчи шахсларга илмий даражага ёки илмий унвонга эга бўлмаган (2 йилгача илмий фаолият тажрибасига эга бўлган) кичик илмий ходим лавозим маошининг базавий миқдорига тенглаштирилган миқдорда стипендия тўланади;
- докторантурада — таҳсил олувчи шахсларга фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига ёки илмий унвонга эга бўлган етакчи илмий ходим лавозим маошининг базавий миқдорига тенглаштирилган миқдорда стипендия тўланади.
Ўқиш муддати 3 йилни ташкил этади.
Тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда ўқиш муддати узоқ вақт касал бўлиш, ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлиш даврига, шунингдек ҳарбий йиғинларга чақирилиш муносабати билан узайтирилиши мумкин.
Таянч докторантура ва докторантурада ўқиш муддати докторантларнинг умумий иш стажига қўшилади.
Олий таълимдан кейинги таълимни тугатганлар таянч докторантура ёки докторантурага қайта қабул қилинмайди.
Бир неча таълим муассасасида бир вақтнинг ўзида мустақил изланувчиликка йўл қўйилмайди.
Амалдаги барча талабларни бажарган ва диссертациясини ОАК талабларига мувофиқ равишда тайёрлаган мустақил изланувчилар диссертация ҳимоясига қўйилади.
Олий таълимдан кейинги таълим талабларини бажарган ва белгиланган тартибда диссертация ҳимоя қилган шахсларга ўрнатилган тартибда давлат намунасидаги тегишли фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) дипломи берилади.