Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилади.
Ер участкаларини олиб қўйишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади.
2019 йил 5 августдан бошлаб ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари тегишли босқичларда амалга оширилади.
Босқичлар:
- биринчи босқичда — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
- иккинчи босқичда — Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – транспорт вазири ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича Бош вазирнинг ўринбосари – молия вазири томонидан хулоса тайёрланади;
- учинчи босқичда — тайёрланган хулоса Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ер участкаларининг олиб қўйилишида қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя этилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Шу жумладан:
- ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ҳамда дов-дарахтларни кўчириш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинганлиги ҳақида мулкдорларнинг белгиланган тартибда ва муддатларда хабардор қилиниши;
- етказилган зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопланмагунга қадар олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморат ва иншоотларни бузиб ташлашга йўл қўйилмаслиги;
- кўчирилган фуқароларга компенсация тариқасида ажратилган ер участкасини ўзлаштириш даврида белгиланган тартибда 2 йилгача муддатда уй-жой берилиши ва бошқа талабларга қатъий амал қилиниши учун шахсан жавобгардирлар.