Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16672 марта ўқилди

Ирригация-мелиорация тармоқларини тиклаш, реконструкция қилиш, сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда сувсизликка чидамли экинларни экиш орқали фойдаланишга киритиш учун инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида 50 йилгача бўлган муддатга:

  • қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар, шунингдек, лалми ва ўрмон фонди ерлари — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига;
  • яйлов, бўз, кўп йиллик дарахтзорлар ва бошқа ерлар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган инвесторларга берилади.

Ер майдонларини фойдаланишга киритишда:
  • ердан фойдаланувчиларга қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштириш, ерга ишлов бермасдан экин экиш ва ерларни иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқи берилади;
  • мазкур ер майдонлари мақбуллаштирилмайди, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилади;

  • ушбу ер майдонларида барпо этиладиган инфратузилма объектларини (дала шийпон, маҳсулотлар сақланадиган омборхоналар, суғориш иншоотлари ва бошқалар) жойлаштиришга рухсат берилади;
  • ердан фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом-ашё, материаллар, техника, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда божхона тўловлари (қўшилган қиймат солиғидан ташқари) тўлашдан озод қилинади;
  • қонунчиликда белгиланган имтиёзли давр якунланганидан сўнг, янгидан фойдаланишга киритилган ер участкасига нисбатан 10 йил давомида ушбу ер участкаси фойдаланишга киритилгунга қадар белгиланган солиқ ставкалари қўлланилади;
  • инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган қисми қоплаб берилади;
  • инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ерларнинг сув таъминоти тизимларини қуриш, реконструкция қилиш учун жалб этилган кредитларнинг бир гектар ҳисобига 40 миллион сўмдан ошмайдиган қисмига тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 5 фоизлик пункти қоплаб берилади;
  • ер майдонлари инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланганидан сўнг қонун ҳужжатларида ваколат берилган давлат органи (мансабдор шахс)нинг қарорига асосан ажратиб берилади.

Шундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ:
  • суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофазага олиниб, ушбу ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларга, шу жумладан саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун ажратилишига йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ажратиладиган ерлар бундан мустасно;
  • қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун олиб қўйиладиган суғориладиган ерлар учун компенсация тўлови, олиб қўйилаётган ер майдонлари жойлашган жойларни ҳисобга олувчи коэффициентлар қўлланилмаган ҳолда, худди шундай янги ерларни ўзлаштириш учун талаб этиладиган маблағнинг 10 баробари, лалми ерлар ва суғорилмайдиган кўп йиллик дарахтзорлар эгаллаган ерлар, пичанзорлар ва яйловлар ҳолатини тубдан яхшилаш билан боғлиқ харажатларнинг 20 баробари миқдорида ҳисобланади.

Бунда суғориладиган ерлар учун компенсация тўловининг 90 фоизи, лалми ерлар ва суғорилмайдиган кўп йиллик дарахтзорлар эгаллаган ерлар, пичанзорлар ва яйловлар учун компенсация тўловининг 95 фоизи Республика бюджетига ҳамда мос равишда 10 ва 5 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларининг махсус ҳисоб рақамларига ўтказилади.

Ушбу меъёр ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарарни ҳисоблашда ҳам қўлланилади:
  • бунда ҳисобланган маблағларнинг 95 фоизи Республика Давлат бюджетига ва 5 фоизи Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий инспекцияларининг ривожлантириш жамғармасига ундирилади;
  • суғориладиган ерлар ҳисобидан боғдорчилик, узумчилик ва бошқа кўп йиллик дарахтзорлар ҳамда иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш учун ер ажратиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб асосида амалга оширилади;
  • янги фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмалари сувдан фойдаланиш жойларида сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан мажбурий тарзда жиҳозлаш шарти билан ташкил этилади;
  • ер майдонларини фойдаланишга киритиш сувни тежовчи технологиялардан (томчилатиб, ёмғирлатиб, тупроқ остидан томчилаб суғориш ва бошқалардан) фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Бошқа тегишли мақолалар

Chat