Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 28713 марта ўқилди

Қандай қилиб никоҳни суд тартибида бекор қилиш мумкин?

Биргаликда фарзандлар бўлган тақдирда никоҳни бекор қилиш учун фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш керак.

Керакли ҳужжатлар:

  • паспорт нусхалари (ID-карта);
  • болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси (нусхаси);
  • никоҳни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома (асл нусхаси);
  • давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция (2 БҲМ). Такрорий никоҳ бекор қилинган тақдирда (4 БҲМ).

Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

Никоҳдан ажралишни суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида ФҲДЁ органида қайд этиш эр ёки хотиннинг ёхуд эр ёки хотиндан бирининг ишончнома асосида ҳаракат қилувчи вакилининг никоҳдан ажралишни қайд этиш тўғрисидаги аризаси асосида амалга оширилади. Бунда аризага суднинг ҳал қилув қарори илова қилинади.

Суд қарори билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун никоҳни рўйхатдан ўтказиш жойидаги ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишингиз керак.

Алимент тўловчи шахсга хорижга чиқиши учун тақиқ қўйилган бўлса, уни қандай бекор қилиш мумкин?

Алимент тўловчи бўлган шахс, чет элга чиқиши учун қуйидаги учта ҳолатлардан бирини амалга оширган ҳолда тақиқни бекор қилишлари мумкин: 

  • Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 40-моддасига асосан  ундирувчининг яъни собиқ турмуш ўртоғини розилиги яъни ижрони тўхтатиш ҳақидаги аризасига асосан;
  • Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахсларни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади. Бунда гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг (БХМ) 250 бараваридан кам бўлмаслиги лозим
  • Давлат ижрочисининг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш ҳамда прокурор томонидан келтирилган протест асосида тақиқ олиб ташланиши мумкин.

Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.

Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади.

  • Алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўланадиган алимент суммасини ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги қарори, қарздорнинг ижро иш юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига киритган аризасига асосан берилади.
  • Аризада қарздор томонидан алиментларни олдиндан тўламоқчи бўлган даври кўрсатилади.

Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент суммалари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадлари, шу жумладан чет элда олинган даромадларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Бюро томонидан расмий веб-сайт орқали олдиндан тўланадиган алиментлар миқдорини ҳисоблаш имконини берувчи интерактив давлат хизматлари кўрсатилади (махсус калькулятор).

Алиментларни олдиндан тўлаш учун ундирувчига муайян мол-мулкни ўтказиб бериш йўли билан қўйилган чекловларни бекор қилиш фақат мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан амалга оширилади.

Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжатининг талаблари амалда ижро этилганда ёхуд у бўйича ижро иши юритиш Қонунда белгиланган асосларга кўра тугатилганда ёки тамомланганда, давлат ижрочиси кейинги кундан кечиктирмасдан қарздор жисмоний шахсни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.

Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Гаров предметини гаровга олувчида қолдирган ҳолдаги гаров тўғрисида НАМУНАВИЙ ШАРТНОМА

Ўртамизда фарзанд йуқ, ажрашмоқчиман. Турмуш ўртоғим номида тўйгача отаси совға қилган машина ва тўйдан кейин олинган 2 хонали уй бор, никоҳимиз бекор қилинса мен барча мулклардан ўзимга тегишлисини олишим мумкинми?

 Оила кодексининг 25-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳга қадар тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олинган мол-мулки ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади. Шу сабабли, Сиз автомашинадан улуш ололмайсиз. 2 хонали квартира эса эр-хотиннинг умумий мулки хисобланиб, ундан улуш олишга хақлисиз.

Эрим билан оила қурмасдан, яъни конуний никоҳдан ўтмасдан яшадик, ўзини боланинг отасиман деб олган эди, лекин автоҳалокатдан вафот этди. Қандай қилиб оталикни белгилаш бўлади?

 Оила кодексининг 62-моддасига асосан боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланади.

Бола ўлик туғилганда қайд этиш тартиби ва муддати кандай?

 Боланинг ўлик туғилганлиги, тиббий муассасанинг хабарига биноан 24 соат ичида шу муассаса жойлашган ердаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.

Фарзандим 15 ёшга тўлди, унинг фамилиясини ўзгартирсам бўладими?

 ФҲДЁ органи ота-онанинг биргаликдаги аризасига биноан бола 16 ёшга тўлгунча бола манфатларини эътиборга олиб, унинг исмини ўзгартиришга, шунингдек унга берилган фамилияни ҳам отаси ёки онасининг фамилиясига караб ўзгартиришга ҳақли. 16 ёшга тўлганидан кейин ота-она розилиги олинмайди.

Никоҳдан ажратиш тўғрисида даъво аризасини электрон тарзда қандай қилиб судга юборишим мумкин?

✅ Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг расмий сайтида электрон суд хизматлари портали йўлга қўйилган бўлиб, My.sud.uz сайтига мурожаат қилиш орқали фуқаролик, жиноят, маъмурий ҳамда иқтисодий ишлар бўйича ўз мурожаатингизни электрон шаклда йўллашингиз мумкин. Фуқаролик ишлари бўйича судларга тегишли бўлган оилавий низоларга оид 36 турдаги даъво аризаларининг намуналари мавжуд.

✅ Шуни унутмаслик лозимки, ҳар доим ҳам ажрашиш масалалари судларда кўрилмайди. Никоҳдан ажратиш суд тартибида ёки Фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этиш органларида (ФҲДЁ) амалга оширилиши мумкин.

Қандай ҳолда никоҳдан ажратиш масалалари суд тартибида кўриб чиқилади?

✅ эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида низо мавжуд бўлганда;

✅ эр-хотин ўртасида умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлганда;

✅ эр-хотин ўртасида болалар тўғрисида низо мавжуд бўлганда;

✅ агар эр-хотиндан бири никоҳдан ажратиш тўғрисида ариза беришдан бош тортса ёки ФҲДЁ органига ариза бериш учун шахсан келиш имкониятига эга бўлмаса ёхуд ариза бериб, никоҳдан ажратишни қайд этиш учун ҳозир бўлмаган тақдирда;

спиртли ичимликлар, наркотик воситалар ёки психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши оқибатида муомала лаёқати чекланган шахслар билан никоҳдан ажратиш тўғрисида низо мавжуд бўлганда.

Қандай ҳолда никоҳдан ажратиш масалалари ФҲДЁ органларида амалга оширилади?

✅ вояга етмаган умумий болалари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлган тақдирда;

✅ эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса (бунда ҳам эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар);

✅ содир қилган жинояти учун 3 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса (бунда ҳам эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар).

Chat