Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 38874 марта ўқилди

Боланинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқи

Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, ота-онасининг ғамхўрлигидан фойдаланиш ва ота-онаси билан бирга яшаш ҳуқуқига эга (бола манфаатига зид бўлмаган ҳолларда).

Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

Боланинг ота-онаси бўлмаганда ёки бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда, унинг оилада тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади.

Боланинг ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқи
  • Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга.
  • Ота-она никоҳдан ажралганда ёки ота-она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. 
  • Фавқулодда вазиятларга тушиб қолган бола (ушлаб туриш, қамоққа олиш, даволаш муассасасида бўлиш ва бошқа ҳолларда) ўз ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қонунда белгиланган тартибда кўришиш ҳуқуқига эга.

Боланинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи

Бола ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Боланинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилади.

Вояга етмаган бола қонунга мувофиқ тўла муомала лаёқатига эга деб эътироф этилса (эмансипация), у ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан ҳимоя ҳуқуқини мустақил амалга оширишга ҳақлидир.

Бола ота-она ва ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қилинадиган суиистеъмолликлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганда уларнинг ҳимоя қилинишини сўраб васийлик ва ҳомийлик органига14 ёшга тўлгандан кейин эса, мустақил равишда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Боланинг исм, ота исми ва фамилия олиш ҳуқуқи
  • Болага исм ота-онанинг келишувига асосида, ота исми отасининг исмига кўра берилади.
  • Боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота-она турли фамилияларда бўлганда ота-онанинг келишувига биноан болага отасининг ёки онасининг фамилияси берилади. Ота-онанинг хоҳишига кўра, болага ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми бўйича фамилия берилиши мумкин.
  • Ота-она ўртасида боланинг исми ва (ёки) фамилияси бўйича келишув бўлмаганда, келиб чиққан низо васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади.
  • 16 ёшдан ошган тиббий муассасадан ташқарида ва тиббий ёрдамсиз туғилган болага нисбатан тиббиёт муассасаси томонидан туғилганлик ҳақидаги маълумотнома расмийлаштирилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади.
  • Агар бола 16 ва ундан катта ёшда бўлса ва унга нисбатан тиббиёт муассасаси томонидан расмийлаштирилган туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома мавжуд бўлса, унинг туғилиши ота-она ёки улардан бири ва вояга етган боланинг аризасига кўра қайд этилади.

  • Бола 16 ёшга тўлгунча ота-онанинг биргаликдаги аризасига биноан, 16 ёшга тўлгач ўз аризасига биноан исмини, унга берилган фамилияни ФҲДЁ органи орқали ўзгартиришга ҳақли.
  • Агар ота-она алоҳида яшаса ва бола билан бирга яшовчи ота (она) болага ўз фамилиясини беришни хоҳласа, васийлик ва ҳомийлик органи бу масалани боланинг манфаатларини ва она (ота)нинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилади. Ота ёки онанинг турган жойини аниқлаш мумкин бўлмаганда, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, муомалага лаёқатсиз деб топилганда, шунингдек ота ёки она болага таъминот бериш ва уни тарбиялаш мажбуриятларини бажаришдан узрсиз сабабларга кўра бўйин товлаган ҳолларда ота ёки онанинг фикрини ҳисобга олиш шарт эмас.
  • Агар бола ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган ва унга нисбатан оталик белгиланмаган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларини эътиборга олиб, унинг фамилиясини онанинг мурожаат қилган давридаги фамилиясига алмаштириш учун рухсат беришга ҳақли.
  • 10 ёшга тўлган боланинг исми ёки фамилиясини ўзгартиришга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.

Кўнгилочар-интерактив ўйинлар, мантиқий топшириқлар, тестлар болалар ҳуқуқий билимларининг ошишига имкон берадиган кўнгилочар-интерактив портал bolahuquqlari.uz.  

Ҳуқуқлар бузилганда

Ҳаётий мисол

Савол: Турмуш ўртоғим билан ажрашганимиздан сўнг, боламиз билан кўришишга қаршилик кўрсатиябди, бу ҳолатда нима қилсам бўлади?

Жавоб: Оила кодексининг 66-моддасига асосан, бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.
Ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшагани тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.
Фавқулодда вазиятларга тушиб қолган бола (ушлаб туриш, қамоққа олиш, ҳибсга олиш, даволаш муассасасида бўлиш ва бошқа ҳолларда) ўз ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қонунда белгиланган тартибда кўришиш ҳуқуқига эга.

Chat