Банк сири банк томонидан муҳофаза қилинадиган қуйидаги маълумотлардан иборатдир
- ўз мижозларининг (вакилларининг) операциялари, ҳисобварақлари ва омонатларига доир маълумотлар;
- банк ўз мижозига (вакилига) банк хизматлари кўрсатиши муносабати билан мазкур мижоз (вакил) тўғрисида олган маълумотлар;
- мижознинг (вакилнинг) банк сейфлари ва биноларида сақлаб турилган мол-мулки, унинг хусусияти ва қиймати ҳақидаги маълумотлар;
- мижоз (вакил) топшириғига биноан ёки унинг фойдасини кўзлаб амалга оширилган банклараро операциялар ва битимлар тўғрисидаги маълумотлар;
- банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг банклар ўртасида муомалада бўлиши натижасида маълум бўлиб қолган, бошқа банкнинг мижозига (вакилига) доир маълумотлар;
- жамғариб бориладиган пенсия тизимининг иштирокчилари, пенсия бадалларининг миқдори ва суммаларининг ҳаракати, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги пенсия жамғармалари тўғрисидаги маълумотлар.
Учинчи шахслар - банк, унинг мижози (вакили) ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Банк сирининг муҳофаза қилиниши
- Банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг муҳофаза қилиниши банк томонидан кафолатланади.
- Банкнинг раҳбарлари ва бошқа ходимлари хизмат вазифасини бажариши муносабати билан ўзига ишониб топширилган ёки маълум бўлиб қолган банк сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилиши, шунингдек мазкур маълумотлардан шахсий мақсадда ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида фойдаланиши, учинчи шахсларга бундай фойдаланиш имкониятини бевосита ёки билвосита, шу жумладан ана шундай маълумотларни сақлаш тартибини бузиш оқибатида яратиб бериши тақиқланади.
- Банкнинг раҳбари ёки бошқа ходими банкда ишлаш даврида ўзига маълум бўлиб қолган, банк сирини ташкил этувчи маълумотларни унинг банк билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ҳам ошкор қилишга ҳақли эмас.
- Банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг тегишли равишда сақланиши учун банк зарур ташкилий ва техникавий, шу жумладан ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриши шарт.
- Агар банк билан мижоз (вакил) ўртасида низо келиб чиққан бўлса, банк ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мижознинг (вакилнинг) банк сирини ташкил этувчи маълумотларни зарур ҳолларда ва доирада маълум қилиши мумкин.
Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни прокуратура, тергов ва суриштирув органларига тақдим этиш
- Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар прокуратура, тергов ва суриштирув органларига мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда, етказилган зарар ундириб олинишини ёки унинг мол-мулки хатланишини таъминлаш мақсадида терговчи ёхуд суриштирувчининг асослантирилган қарорига биноан прокурор санкцияси билан тақдим этилади.
Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни судга ва давлат ижросига тақдим этиш
- Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар судга унинг ёзма сўрови асосида, мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан суднинг иш юритувидаги ишлар бўйича тақдим этилади.
- Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар давлат ижрочисига унинг ёзма сўрови, шу жумладан электрон ҳужжат тарзидаги сўрови асосида, мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган ижро иши бўйича тақдим этилади.
Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш
- Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар давлат солиқ хизмати органларига банк мижозига (вакилига) солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этилади.
►Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни мижознинг (вакилнинг) меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворисларига тақдим этиш:
- Мижоз (вакил) тўғрисидаги, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар унинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворисларига, агар уларнинг ўзи ёки улар ваколат берган вакиллар қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи барча зарур ҳужжатларни тақдим этсалар, банк томонидан тақдим этилади.
- Мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни тасдиқламайдиган ҳужжатлар олинган тақдирда, банк мурожаат қилган шахсни у сўраган маълумотларни тақдим этиш имконияти йўқлиги хусусида уч иш куни ичида ёзма равишда хабардор қилиши шарт, шунингдек қўшимча ҳужжатлар тақдим этишни талаб қилишга ёки мурожаат этган шахснинг мерос ҳуқуқини ёхуд ҳуқуқий ворислигини тасдиқлаб бериш тўғрисидаги ёзма сўровни тегишли нотариусга ёки юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга юборишга ҳақли. Мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, банк мурожаат этган шахсга беш иш куни ичида тегишли мижоз (вакил) тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни бериши ва барча ҳужжатларни тақдим этиши шарт.
Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этиш чегараси
- Банк Қонунга мувофиқ фақат ўз мижозига (вакилига) доир, банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этади, бунда мижознинг (вакилнинг) банкда сақланаётган ҳужжатларида бошқа шахслар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлса, бундай маълумотлар ҳам мижозга (вакилга) доир маълумотлар деб ҳисобланади.
Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар тақдим этишни рад қилиш
- Агар банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этиш тўғрисидаги талаб Қонуннинг қоидаларига мувофиқ бўлмаса, банк бундай маълумотлар тақдим этишни рад қилиши шарт.
- Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этишни рад қилганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
- Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари банк сирини ташкил этувчи маълумотларни сўраш ва олишга ҳақли эмас, Қонунда кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.