Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси махсус ваколатли давлат органининг ихтисослаштирилган таркибий бўлинмалари, бунга ваколатли бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ихтисослаштирилган таркибий бўлинмалари, эксперт комиссиялари ва эксперт гуруҳлари, шунингдек аккредитация қилинган юридик шахслар томонидан ўтказилади.
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси махсус ваколатли давлат органининг ихтисослаштирилган таркибий бўлинмалари томонидан ўтказилади.
Тўғридан-тўғри инвестициялар, шу жумладан чет эл инвестициялари ҳисобидан амалга ошириладиган объектлар бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларининг смета қисмини экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди.
Шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизаси буюртмачилар ва эксперт ташкилотлари томонидан тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади, бунда харажатлар кўриб чиқилаётган лойиҳани ишлаб чиқиш қийматига киритилади.
Экспертизанинг ижобий хулосалари (бундан давлат сирлари ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирларни ўз ичига олган шаҳарсозлик ҳужжатларига доир хулосалар мустасно) улар экспертиза хулосаларининг ягона реестрига киритилган тақдирдагина ҳақиқий деб тан олинади.
Экспертизанинг ижобий хулосалари шаҳарсозлик ҳужжатларини келишиб олиш, тасдиқлаш ва келгусида амалга ошириш учун асос бўлади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини кўриб чиқиш ва улар бўйича экспертиза хулосаларини тайёрлаш вақтида ҳеч ким экспертлар ёки эксперт ташкилотлари ишига аралашишга ҳақли эмас.