Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9710 марта ўқилди

Ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра суд, агар:

  • маъмурий иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатида ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса;
  • аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чоралар кўрмай туриб, ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса дастлабки ҳимоя чораларини кўриши мумкин.

Қуйидагилар дастлабки ҳимоя чоралари бўлиши мумкин:
  • жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш;
  • бошқа шахсларга низо предметига тааллуқли бўлган муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш;
  • мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш;
  • маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш.

Суд томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта дастлабки ҳимоя чоралари кўрилиши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чоралари арз қилинган талабга мос бўлиши керак.

  • Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза судга ариза (шикоят) билан бир вақтда ёки иш юритиш жараёнида берилиши мумкин.

Ариза (шикоят) билан бирга берилган дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан кўриб чиқилади.    

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза суд мажлиси чоғида берилган тақдирда, у шу мажлисда кўриб чиқилиши керак.

Дастлабки ҳимоя чоралари ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра бекор қилиниши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масала суд мажлисида ҳал қилинади. Ишда иштирок этувчи шахслар мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Бироқ уларнинг келмаганлиги дастлабки ҳимоя чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

 

Chat