Шрифт ўлчами
Кўриниш
Маҳкумлар, ЖИК ва бошқа қонунларда белгиланган истисно ҳамда чеклашлар инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган ҳуқуқлар, эркинликларга эга бўладилар ва мажбуриятларни бажарадилар. Маҳкум ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган ҳуқуқлар, эркинликларга эга бўлишлари ва мажбуриятларни бажаришлари мумкин.
Маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари муайян жазо турини ижро этиш тартиби ва шартларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Маҳкум ажнабий фуқаролар шунингдек ўз давлатларининг дипломатия ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан, Ўзбекистон Республикасида дипломатия ва консуллик муассасалари бўлмаган мамлакатларнинг фуқаролари эса, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олган давлатнинг дипломатия ваколатхоналари билан алоқа қилиб туриш ҳуқуқига эга.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Маҳкумларнинг ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажармаслиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.