Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо ижроси маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога қўшимча равишда тайинланган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазонинг ижроси асосий жазони ижро этувчи орган томонидан амалга оширилади.
Ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси:
- муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган маҳкумларни рўйхатга олади;
- маҳкум ишлайдиган корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятига ва (ёки) муайян фаолият тури билан шуғулланиш учун берилган рухсатномани бекор қилишга ваколатли органга ҳукм талабларини ижро этиш тўғрисида хабарнома юборади;
- маҳкумнинг ҳукмда кўрсатилган тақиқларга риоя этишини текширади;
- маҳкум ишлайдиган корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти, шунингдек муайян фаолият тури билан шуғулланиш учун берилган рухсатномани бекор қилишга ваколатли органлар томонидан ҳукм талаблари қандай бажарилаётганлигини текширади.
Маҳкум ишлайдиган корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти жазоларни ижро этиш инспекциясидан хабарнома олган кундан бошлаб 3 кун ичида қуйидагиларни амалга оширишга мажбур:
- маҳкум эгаллаш ва шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган лавозимдан ёки меҳнат фаолияти туридан уни озод қилиш;
- жазоларни ижро этиш инспекциясига ҳукм талаблари ижро этилганлиги тўғрисида, тегишли ҳужжатларни илова этган ҳолда, хабар йўллаш;
- маҳкум бошқа ишга ўтказилган ёки у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда, бу ҳақда жазоларни ижро этиш инспекциясига хабар қилиш.
Муайян фаолият тури билан шуғулланиш учун берилган рухсатномани бекор қилишга ваколатли орган жазоларни ижро этиш инспекциясидан хабарнома олган кундан бошлаб уч кун ичида маҳкум шуғулланиши тақиқланган фаолият тури учун берилган рухсатномани бекор қилиб, тегишли ҳужжатни олиб қўйишга ва бу ҳақда инспекцияга хабар йўллашга мажбур.
Мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган шахснинг мажбуриятлари
- суднинг ҳукми, ажрими ёки қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 10 кун ичида яшаш жойидаги жазоларни ижро этиш инспекциясида ҳисобга туриши;
- мажбурий жамоат ишларини бажариш ва ўташ шартларига риоя этиши;
- ўзи учун белгиланган жойда (объектда) ишлаши ҳамда мажбурий жамоат ишларининг белгиланган муддатлари ва ҳажмларини ишлаб бериши;
- мажбурий жамоат ишларини ўташ жойидаги (объектидаги) ташкилотнинг (органнинг) ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этиши, меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши;
- яшаш жойи ўзгарганлиги ҳақида жазоларни ижро этиш инспекциясини хабардор қилиши, шунингдек унинг чақирувига биноан етиб келиши шарт.
Мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган шахс жазони ўташ тартиби ва шартларини бузганлиги учун жазоларни ижро этиш инспекцияси уни қоидабузарлик оқибатлари ҳақида қонунчиликка мувофиқ ёзма шаклда огоҳлантиради.
- Мажбурий жамоат ишларини ўташдан бўйин товлаган маҳкумга нисбатан жазоларни ижро этиш инспекцияси Жиноят кодексининг 451 ёки 821-моддаларига мувофиқ мажбурий жамоат ишларини жазонинг бошқа тури билан алмаштириш тўғрисида судга тақдимнома юборади.
Қуйидагилар мажбурий жамоат ишларини ўташдан бўйин товловчилар деб топилади:
- 10 ичида ҳисобга турмаган, шунингдек жазони ўташдан бўйин товлаш мақсадида яширинган маҳкум;
- ёзма огоҳлантириш олганидан сўнг, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлмаса-да, мажбурий жамоат ишларида 1 ой давомида икки мартадан кўп иштирок этмаган маҳкум;
- ёзма огоҳлантириш олганидан сўнг мажбурий жамоат ишларини ўташ жойидаги (объектидаги) ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларини 1 ой давомида уч мартадан кўп бузган маҳкум.
Жазони ўташдан бўйин товлаётган маҳкумнинг турган жойи номаълум бўлган тақдирда, унга нисбатан қидирув эълон қилинади.