Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 19279 марта ўқилди

Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ижро этиш маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан ёки суд белгилайдиган, маҳкумларнинг суд белгилаган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши устидан назоратни амалга оширадиган бошқа орган томонидан амалга оширилади.

Озодликни чеклаш муддати маҳкум жазоларни ижро этиш инспекцияларида ҳисобга қўйилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Маҳкум узрли сабабларсиз ўзбошимчалик билан яшаш жойида бўлмаган вақти озодликни чеклаш муддатига қўшиб ҳисобланмайди.

Озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс суд томонидан белгиланган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши, шунингдек ўзининг жазони ўташи билан боғлиқ масалалар бўйича оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар бериш учун чақирув бўйича жазоларни ижро этиш инспекциясига келиши шарт.

Озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахсга нисбатан электрон кузатув воситалари қўлланилиши мумкин.

Муайян вақтда яшаш жойидан кетишга, тегишли маъмурий ҳудуд доирасида жойлашган маълум жойларга боришга ёхуд тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиш учун рухсатнома, шунингдек яшаш жойини ўзгартириш учун рухсатнома жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан берилади. Қарор тақиқларнинг (чеклашларнинг) хусусиятидан, маҳкумнинг шахсидан, унинг хулқ-атворидан, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигидан келиб чиқиб, алоҳида ҳолларда қабул қилинади.

Уй-жойидан чиқиб кетишига бутунлай тақиқ белгиланган маҳкумнинг доимий яшаш жойидан кетиши учун рухсатномага, маҳкумнинг тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиши учун рухсатномага, шунингдек маҳкумнинг яшаш жойини ўзгартириши учун рухсатномага прокурор томонидан санкция берилади.

Агар озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етгани, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказган моддий ва маънавий зарарининг ўрнини қоплаган бўлса, жазоларни ижро этиш инспекцияси илгари маҳкумга белгиланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиш тўғрисида судга тақдимнома киритади.

Қуйидагилар озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товловчилар ҳисобланади:
  • ўзига нисбатан суд томонидан белгиланган тақиқларни (чеклашларни) бузишга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида огоҳлантириш тарзида интизомий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил ичида жазони ўташ тартиби ва шартларини бузишга йўл қўйган маҳкум;
  • ўзига нисбатан техник назорат воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузган маҳкум;
  • яшаш жойидан яширинган, қаерда эканлиги 3 суткадан ортиқ вақт ичида аниқланмаган маҳкум;
  • яшаш жойидаги жазоларни ижро этиш инспекциясига белгиланган муддатдан 3 суткадан ортиқ вақт мобайнида келмаган маҳкум.

Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташ тартиби ва шартлари маҳкум томонидан бузилганлиги учун жазоларни ижро этиш инспекцияси унга нисбатан огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо чорасини қўллайди.

Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, жазоларни ижро этиш инспекцияси судга маҳкум учун озодликни чеклашнинг ўталмаган муддатини жазонинг бошқа турига алмаштириш ҳақида тақдимнома киритади.

Chat