Маҳкумларни меҳнатга жалб этишдан асосий мақсад уларда ижтимоий-фойдали фаолият билан шуғулланиш эҳтиёжини шакллантиришдан иборат.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жинси, ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат қобилияти ва иложи борича, ихтисосини инобатга олган ҳолда меҳнатга жалб этилади.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар, одатда, жазони ижро этиш муассасалари ва улар ташкилотларининг корхоналарида, айрим ҳолларда эса, керакли тарзда қўриқлаш ва батамом ажратиб қўйиш таъминланган тақдирда, бошқа корхоналарда меҳнатга жалб этилади. Маҳкумларнинг хусусий шахслар фойдасига меҳнат қилишига йўл қўйилмайди.
60 ёшдан ошган эркаклар, 55 ёшдан ошган аёллар, I ва II гуруҳ ногиронлари меҳнатга ўз хоҳишларига кўра жалб этиладилар.
Маҳкума аёллар ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан қонунчиликда белгиланган муддатга ишдан озод қилинадилар.
Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда бажариш тақиқланган ишларда аёл ва вояга етмаган маҳкумлар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.