Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7244 марта ўқилди

Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берган.

Таъкидланганидек, бугунги кунда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони дунё миқёсида 193 млн.дан ошган бўлиб, кунлик касалланиш ҳолатлари сони ўртача 500 мингдан ортиқни ташкил этмоқда.

Хусусан, республикада мазкур инфекция билан касалланганлар сони тобора ортиб, айни вақтда умумий касалланганлар сони 126 минг нафардан ошган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда халқаро экспертлар томонидан коронавирусга қарши курашиш ва унинг янги тўлқинларининг олдини олиш оммавий вакцинация орқали муваффақиятли ташкил этилиши мумкинлиги юзасидан тавсиялар берилган.

Ҳозирги кунга қадар мажбурий вакцинация амалиёти Франция, Греция, Австралия, Италия, Латвия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда жорий этилган.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар доирасида профилактик эмлашлар ўтказишни жорий этиши мумкинлиги назарда тутилган.

Шу билан бирга, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунда фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган (атрофдагилар учун хавфли касалликка чалинган шахсларга мазкур розиликсиз тиббий ёрдам кўрсатилиши бундан мустасно).

Бироқ ушбу Қонунда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги юзасидан норма мавжуд эмас.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлашдан бош тортган шахсларга нисбатан чеклов чоралари назарда тутилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Қонунда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • биринчидан, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда;
  • иккинчидан, Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги назарда тутилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида коронавирус инфекцияси янги тўлқинларининг олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади ҳамда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Chat