Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20093 марта ўқилди

18 ёшга тўлган ва муомала лаёқатига эга бўлган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандош Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш бўйича мурожаат қилиши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда мурожаат қилиш мумкин:
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган лоақал битта ўзидан олдинги қариндошга эга бўлса;
  • тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;
  • Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;
  • давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
  • илтимоснома;
  • сўровнома;
  • туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
  • чет давлат фуқаросининг паспорти ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати ёхуд яшаш гувоҳномаси (фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси);
  • никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (мавжуд бўлса);
  • илтимосномада бола кўрсатилган тақдирда, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва чет давлат фуқаросининг паспорти ёки яшаш гувоҳномаси ёхуд фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси (мавжуд бўлса), бунда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган боланинг ёзма розилиги олинади;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ўзидан олдинги қариндошининг паспорти (ID-картаси);
  • тирикчиликнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  • ўзлари фуқароси бўлган давлатнинг мутасадди органидан судланганлик ҳолати мавжуд ёки йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  • давлат божи (консуллик йиғими) тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат.

  • Давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билишини тасдиқловчи ҳужжат ваколатли орган томонидан идоралараро маълумот алмашинуви тизими орқали олинади.      

Қуйидагиларга давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур бўлган даражада билиш шарти татбиқ этилмайди:
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий ўрта таълимдан кам бўлмаган даражада таълим олган шахслар (тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади);
  • 60 ёшга тўлган шахслар;
  • муомала лаёқатига эга бўлмаган шахслар (ишончли вакили томонидан ушбу шахс муомала лаёқатига эга эмаслиги ёки муомала лаёқати чекланганлиги ҳақида қонуний кучга кирган суд қарори тақдим этилади);
  • I гуруҳ ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар (ногиронликни тасдиқловчи маълумотнома тақдим этилади).

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олишга электрон ариза бериш учун ҳаволага ўтинг.

Chat