ТЕМ = УМ — ҚМ — (УМ * 20 %), бунда:
ТЕМ — томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалиги майдони;
УМ — ажратилган ернинг умумий майдони (м2);
ҚМ — қурилишларнинг майдони (м2);
(УМ * 20 %) кўрсаткичи 200 м2дан ошмаган ҳолда ҳисоб-китоб учун қабул қилинади.
- Томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинган даромад миқдори сифатида ушбу бандда белгиланган томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинадиган бир ойлик даромаднинг норматив миқдори қабул қилинади.
- Томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинадиган бир ойлик ўртача норматив даромад томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш учун фойдаланилаётган сотихлар майдонини жами даромад аниқланаётган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,035 бараварига кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Ушбу бандда кўрсатилган бир ойлик ўртача норматив даромади оиланинг ўртача ойлик даромадини аниқлаш учун уч ойга кўпайтирилган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади. Бунда:
а) 4 сотихгача бўлган томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалиги майдонида оиланинг меҳнатга лаёқатли ишсиз битта аъзоси ҳамда кейинги ҳар бир 4 сотихгача майдон учун қўшимча биттадан оиланинг ишсиз аъзоси томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган деб ҳисобланади;
б) оила аъзолари томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган деб қуйидаги кетма-кетлик бўйича ҳисобланади:
- биринчи навбатда, меҳнатга лаёқатли ишсиз бўлган, бола парвариши ва ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосининг парвариши билан банд бўлмаган, жазони ижро этиш жойларида жазони ўтамаётган, чет элда ишламайдиган ёки тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширмаётган оила аъзосига;
- оиланинг вояга етган, таълим муассасасида таҳсил олмаётган, жазони ижро этиш жойларида жазони ўтамаётган ёки чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтамаётган, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосининг парвариши билан банд бўлмаган, чет элда ишламайдиган ёки тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширмаётган, ўз оиласига эга бўлмаган меҳнатга лаёқатли ишсиз фарзандига, шунингдек, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган шахсга (бир нечта фарзанди бўлганда — ёш кетма-кетлиги бўйича);
- таълим муассасасида таҳсил олмаётган, жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтамаётган ёки чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтамаётган, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосининг парвариши билан банд бўлмаган, чет элда ишламайдиган ёки тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширмаётган меҳнатга лаёқатли ишсиз отасига.